14:32 / 17.05.2018
41099

Ислом нури туркумидан: Рамазон одоблари

KUN.UZ таҳририяти муқаддас Рамазон ойи муносабати билан турли диний-маърифий мавзуларда суҳбат юритилувчи “Ислом нури” дастурини тақдим этиб боради. Дастурнинг бугунги меҳмони пойтахтимизда жойлашган Шайх Зиёвуддинхон жоме масжиди имом хатиби Эрдон Эсонов бўлди. У киши билан суҳбатда Рамазон ойи одоблари, унда рўза тутиш фарзлиги ва Рамазон яхшиликлари ҳақида сўз боради.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

- Аллоҳ таоло Қуръони каримда Рамазон рўзасини фарз қилган ояти кариманинг хотимасида “Сиздан олдинги умматга рўза ибодати фарз қилингани каби сизларга ҳам фарз қилинди”, дейди. Нима мақсадда фарз қилинди деганда, Аллоҳ айтадики: “Шоядки, тақводор бўлсангиз”. Демак, киши рўза тутса тақводор бўлади. Яъни, бунинг учун рўзанинг барча талабларига амал қилсангиз, рўзадан кўзланган мақсадни инобатга олсангиз ва унинг ким томонидан буюрилаётганига аҳамият берсангиз тақводор бўласиз, - дейди Э.Эсонов.

- Ана шунда кишида руҳий покланиш, енгиллик шаклланади. Рўзада бошланган кайфият рўза тугагач, сусайишни бошлайди. Бу киши рўзанинг асл моҳиятини англаб етмаслигидан пайдо бўлади. Инсон бирор бир одатга кўникма ҳосил қилиши, ўша одатнинг ҳаётига сингиб, турмуш тарзига айланиб кетиши учун ўттиз кун кифоя қиларкан. Агар шу амални ишонч билан, муҳаббат билан бажарса, қолган 11 ой вақт давомида ўша яхши амалларни бажаришликка етарли бўлади.

Эрдон Эсонов рўзанинг мукаммаллиги ҳақида фикр билдирар экан, шуларни гапириб берди.

Шайх Зиёвуддинхон жоме масжиди имом хатиби Эрдон Эсонов

- Саҳарликдан то ифторликка қадар емай, ичмай ва жинсий яқинлик қилмаган одам рўзадор ҳисобланади, аммо бу мукаммал рўза бўлмайди. Инсонда тақво ҳиссини ҳосил қиладиган, инсонни жаннатнинг “Раййон” деб номланувчисига киришга сабабчи бўладиган, Аллоҳга яқинлик пайдо қиладиган ва йил давомида қилинган барча гуноҳларини куйдириб юборишликка сабабчи бўладиган рўза мукаммал ҳисобланади.

Рўзадор рўза давомида шариат қайтарган ишлардан қайтиши керак. Кўзини, тилини, қўлини, оёқларини ва бутун жисмини ҳаром ишлардан сақлаши лозим бўлади. Кейин имкон қадар Рамазон кунлари рўзадорлар фурсатлари бўлса Қуръон ўқишлари керак бўлади. Чунки бу ой – Қуръон ойи. Қуръон ўқишни билмайдиган ватандошларимиз, мўмин-мусулмонларимиз зикр билан, тасбеҳ билан ёки диний-маърифий яхши китобларни мутолаа қилиш билан кунларини ўтказсалар аъло бўлади.

Рамазонда эътибор берадиган яна бир муҳим жиҳатлардан биттаси – ифторлик масаласи. Ўша саҳарлик вақти жуда кўп овқат ейилмайдигандек, ифторлик вақтида ҳам кўп овқатланилмайди. Ифторлик билан бўладиган маросимларда ҳам исрофгарчиликка йўл қўйилмаслигига аҳамият қаратиш лозим, - дейди Э.Эсонов.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Top