Ишбилармон, нотиқ, "Қандай қилиб илҳомни қайтариш ва ишга меҳрни тиклаш мумкин?" китоби муаллифи Скотт Мотц Inc'да қандай қилиб муваффақиятга эришиш ва орзудаги карьерани қуриш мумкинлигига доир маслаҳатлари билан бўлишди.
1. Сизнинг карьерангиз фақат ўзингизга боғлиқ
25 ёшга тўлганимдан кейин йирик компанияга ишга жойлашганимда орзуларим амалга ошгунича қандайдир бир илоҳий куч мени лавозимдан лавозимга кўтаради, дея тахмин қилганман. Ўзим эса бунга у қадар ҳаракат ҳам қилмаганман.
Бундай қопқонга тушманг. Ҳа, қайсидир бир паллада атрофдагилар сизга ёрдам бериши мумкин, бироқ сизнинг келажагингиз фақат ўзингизга боғлиқ.
Нима истаётганингизга аниқлик киритинг ва ташаббус кўрсатинг.
2. Ўз йўлингизни ўзингиз танланг

Сиз учун айнан нима муҳим эканини фақат ўзингиз ҳал қилишингиз мумкин. Бировлар сиздан кутаётган эмас, ўзингиз истаган карьера, ўзингиз истаган ҳаёт сари ҳаракат қилинг. Шунда ўз ҳаётингиздан қониқиш ҳосил қиласиз, кексайганингизда ўз йўлингиздан боришга журъатингиз етмаганидан афсусланишга тўғри келмайди.
3. Бошқаларнинг қўллаб-қувватлашини кутманг, ўзингизга содиқ қолинг

Бошқаларнинг қўллаб-қувватлаши — ташқи мотивация. У ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. У сизни ўзингизга бўлган ишончдан маҳрум қилади. Агар сиз учун муваффақият бошқалар томонидан қўллаб-қувватланишга боғлиқ бўлса, ҳеч қачон унга эриша олмайсиз. Ўзингизга содиқ қолинг.
4. Муваффақиятга оид тасаввурингиз ўзгаради
25 йил илгари мен муваффақият — хизмат пиллапоясидан имкон қадар тезроқ кўтарилиш, деб ҳисоблаганман. Ҳозир эса буни ўз манфаатларимдан-да каттароқ бирор мақсад учун хизмат қилишда кўраман. Авваллари эса бу хаёлимга ҳам келмасди.
















