Жаҳон | 12:47 / 22.05.2018
7444
2 дақиқада ўқилади

КХДР ва АҚШ етакчилари саммитининг ўтказилиш эҳтимоли 99,9 фоизга баҳоланди

Фото: AP

Жанубий Корея президенти маъмуриятидаги миллий хавфсизлик бўйича бошқарма бошлиғи Чон Ий Ённинг фикрича, 12 июнга режалаштирилган КХДР ва АҚШ етакчилари саммити режага кўра бўлиб ўтиши деярли аниқ.

"Бизнинг фикрча, КХДР-АҚШ саммити режага кўра бўлиб ўтиши эҳтимоли 99,9 фоизни ташкил этади. Бироқ, биз турли воқеалар ривожига ҳам тайёргарлик кўрмоқдамиз", - дея амалдорнинг сўзларини келтиради Рёнхап агентлиги.

Чон Ий Ён АҚШга амалга оширилаётган ташрифда Мун Чжэ Инга ҳамроҳлик қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, етакчилар “АҚШ-КХДР саммитини муваффақиятли ўтказиш масалалари бўйича очиқ муҳокамалар ўтказади, шунингдек, жиддий келишувлар ва уларни амалга ошириш йўллари кўриб чиқилади”.

"Жанубий Корея ва АҚШ энг кичик маълумотни ҳам бир бири билан алмашмоқда ва қалин алоқада бўлиб турибди. Бизнинг фикрча, Жанубий Корея ҳамда АҚШ етакчиларининг ҳозирги музокаралари яхши натижа беради. Унда КХДР масаласи долзарб аҳамият касб этади", - дея таъкидлаб ўтди Чон Ий Ён.

Бундан ташқари, амалдор New York Times газетасининг Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан ўзаро учрашувни ўтказиш масаласи бўйича маъмурият вакиллари билан маслаҳатлашаётгани ҳақидаги хабарини рад этди. 

"Бу ҳам етакчиларнинг телефон орқали мулоқотида, ҳам мамлакатларимиз Миллий хавфсизлик кенгашлари вакилларининг музокараларда тилга олинмади", - дея таъкидлаб ўтди Чон Ий Ён.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Ким Чен Ин билан учрашув борасида иккиланаётгани хабар берилганди.

 

Мавзуга оид