Ўзбекистон | 12:07 / 22.05.2018
51258
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбектелеком» ухлаётган гигантга ўхшайди. Ўзбекистонда интернет сифати нима сабабдан ёмон?

Фото: Ўзбекистон24

«Ўзбектелеком» бош директори Фарҳод Рўзиев #MITCROADMAP2018 анжумани давомида Ўзбекистонда интернет билан боғлиқ муаммолар сабаблари ҳақида маълум қилди

«Ўзбектелеком» ухлаётган гигантга ўхшайди. Агарда биз шундай яхши бўлсак, нега интернет ҳамон ёмон ҳолатда?! Ўзбекистонда интернетнинг ёмонлигига таъсир кўрсатувчи қатор сабаблар бор.

Биринчидан, бу бизнинг географик жойлашувимиз. Бизга фақат иккита халқаро интернет хаб яқин масофада – Москва ва Гонгконг. Улар билан ҳам орадаги масофа жуда катта. Бу ҳолат ҳам интернетнинг нархига таъсир кўрсатиши табиий.

Иккинчидан, трафик маҳаллийлаштирилиши учун нуқталарнинг йўқлиги. Фойдаланувчининг интернетдаги мурожаати бир йўналиш бўйича жаҳоннинг бошқа жойларига чиқиб кетиб, сўнг яна қайтиб келади. Бу қиммат, самарасиз ва узоқдир. 

Кейинги сабаб – шаҳар ва туманлардаги инфратузилманинг кучли эскиргани. Инфратузилма СССР давридан мерос қолган. Кўп йиллардан бери компанияларда инфратузилмани янгилаш ёки тез ўзгартириш учун имкониятлар йўқ. 

Яна бири – бизнинг бозор ва абонентлар билан ишлай олмаслигимиз. Абонентга керакли эътибор қаратмаслик кўп пайтларда маъмурий масалаларга эътиборни ҳаддан ташқари қаратиб юбориш билан боғлиқ бўлган. 

Лекин ҳаммаси ўзгармоқда. Агар аввал бу муаммолар ҳақида гапира олмаган бўлсак, бугун эса президентнинг сиёсати туфайли бу ҳақда бемалол гапирилмоқда. 

Бугун биз 2020 йилгача кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълум қиламиз. Бунинг доирасида компанияда тузилмавий ислоҳотлар юз беради. 2020 йилгача вазифаларимиз: Ўзбекистонда биринчи рақамли телеком операторга айланиш; мамлакатдаги энг яхши иш берувчилар топ-10лигига кириш; мамлакатдаги энг илғор давлат компаниясига айланиш.

Биз 2018 йил учун “Йўл харитаси”дан бошлаймиз. Миллий оператор олдида энди республика миқёсидаги бир қанча йирик вазифалар турибди, ўзгаришлардан change.uztelecom.uz сайти орқали махсус ҳисоблагичдан билиб бориш мумкин бўлади», - деди Рўзиев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарҳод Рўзиев абонентлар бир неча йилдан бери тақдим этилувчи хизматлар сифатидан норози эканини маълум қилганди.

Мавзуга оид