Фан-техника | 09:47 / 23.05.2018
3639
2 дақиқада ўқилади

Facebook’дан сайловларга аралашишда фойдаланишларига йўл қўймаслик керак – Цукерберг

Фото: REUTERS

Facebook компанияси ижтимоий тармоқдан бирор сайловларга аралашишда фойдаланишларига йўл қўймасликни устувор вазифа деб ҳисоблайди. Бу ҳақда компания раҳбари Марк Цукерберг Европарламентдаги чиқиши вақтида айтиб ўтди.

“Сайловлар ҳақида кўп савол беришади. Мен биламанки, Европанинг бир қатор давлатларида – Словения, Швеция, Латвия, Эстония, Бельгия, Польшада ва 2019 йилда Европарламентга сайловлар бўлиб ўтади. Ўз компаниямиз ҳақида шуни айтишим мумкинки, биз сайловларга аралашишга ҳар қандай уринишни бартараф этишимиз лозим”, деб айтган Цукерберг.

Цукерберг европарламентчиларга дастурлар яратувчилари бундан буёғига Cambridge Analytica билан юз берган ҳолатдаги каби фойдаланувчилар шахсий маълумотларига эгалик қила олмасликларига ваъда берди ва компания шундай имкониятларга эга бошқа дастурларни ҳам ўрганаётганини қўшимча қилган.

“Айни вақтда биз мингга яқин дастурни таҳлил қилиб, 200 дан кўпроғини тўхтатдик”, деб айтган Цукерберг.

У охирги икки йил давомида компания ижтимоий тармоқда турли воситалардан суиистеъмол қилинишининг олдини олиш учун етарлича иш қилмаганини тан олган. Цукербергнинг айтишича, ҳозирда компания муаммоли контентга муносабат билдиришнинг тизимини ўзгартирмоқда. Цукерберг шу билан бирга, компания бирор сиёсий қараш сабабли контентни ўчирмаслигига ваъда берган.

Унинг айтишича, барча ўзгаришларни ҳаётга татбиқ қилиш учун маълум вақт талаб этилади, бироқ компания жорий йил охиригача тармоқда хавфсизликни таъминлаш вазифалари билан шуғулланувчи ходимлари сонини икки баробарга оширишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид