Бундан бир неча ой олдин Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Испанияда «Реал» клуби академияси директори Хулио Ронко билан ўзаро ҳамкорлик масаласида келишувга эришган эди. Бугун, 22 май куни ана шу ҳамкорлик доирасида «Реал Мадрид» академияси вакиллари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлишди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берган.

Академия мутахассислари Пабло Ревенга ва Андес Бораххони у ерда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов кутиб олишди. Учрашувда «Қироллик клуби»нинг Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида «Реал»да фаолият олиб бораётган мураббийларни Ўзбекистонга олиб келиш, улар иштирокида футбол мактабларимизда машғулотлар ўтказиш, футболчилар билан ишлаш жараёнлари бўйича тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди.

«Авваламбор юртимизга хуш келибсизлар. Сизларни Ўзбекистонда кўриб турганимиздан хурсандмиз. «Реал» академиясида бўлиб қайтганимизга ҳам кўп бўлмади. У ерда клуб академияси президенти билан учрашдик. Ўзбекистонда «Реал» академияси очилишини эшитиб халқимиз жуда хурсанд бўлди. Хабарингиз бор, айни пайтда Ла Лига билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Испания футболига бутун дунё ҳавас қилади. Ушбу ҳамкорлик самараси ўлароқ ўзбек футболига ҳам Испаниянинг йўлини берсин деб қоламиз. Ҳамкорлигимиз орқали ўзбек футболини юқори даражага кўтариш умидидамиз», – деди Умид Аҳмаджонов.

Шунингдек, МОҚ раҳбари ва ЎФА биринчи вице-президенти бу ерда иш олиб бориш учун керак бўлган барча шарт-шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигини айтиб ўтди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов «Реал» билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон учун қизиқ бўлиши ҳақида гапирди.

«Испания футболи тўғрисида нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда жуда яхши билишади. Ўзбекистонда ҳам футбол мактаблари бор, энди биз ушбу мактабларни янада ривожлантирмоқчимиз. Мамлакатимиз раҳбари ҳам болалар учун ихтисослаштирилган футбол академияларини ташкил қилиш борасида олдимизга бир қанча вазифаларни қўйган. Шунинг учун, бу борада Европа мамлакатлари билан музокаралар олиб боряпмиз. «Реал»нинг бу борадаги тажрибаси биз учун жуда қизиқарли. МОҚ ва ЎФА раҳбарияти томонидан ҳам футболни ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Ўйлаймизки, бу ишлар келажакда албатта ўз мевасини беради», – деди Шоакрам Исроилов.