Миллий баскетбол ассоциацияси (МБА) собиқ ўйинчиси Глен Дэвис оғир тан жароҳатлари етказиш бўйича айблов билан ҳибсга олинди.

TMZ Sports маълумотига кўра, апрель ойида баскетболчи эркак киши билан жанжаллашиб қолган ва уни машинада босиб кетишга уринган. Дэвис буни қила олмаганидан сўнг, автомобилдан чиққан ва жабрланувчини дўппослаган.

Эркак юзидаги кўплаб жароҳатлар ва қовурғалари синган ҳолда шифохонага олиб кетилди. 18 май куни МБАнинг 2007/08-йилги мавсумдаги чемпиони ҳибсга олинди. Ҳозир уни 50 минг долларлик гаров пули эвазига қўйиб юборишди.
Февраль ойида Дэвис гиёҳванд моддаларни сақлаш ва тарқатиш бўйича иш юзасидан ҳибсга олинганди.















