Рамазон - бу амаллар ойи: рўза, ибодат, чекиш ва ғийбатдан сақланиш, гуноҳлар ва ғазабдан тийилиш. Шунингдек, бу ой тимсолларга ҳам бойдир. Жорий йилда мисрлик футболчи Муҳаммад Салоҳ бу ойда юлдуз каби порлаб, унинг ҳақиқий тимсолларидан бирига айланса ажаб эмас.

Фото: Reuters/Carl Recine

Салоҳ ўтган йили «Ливерпуль»га келиб қўшилганидан сўнг, инглиз футболида ёрқин из қолдирди. Аввалроқ, «Челси»да ўтказган нурсиз мавсумидан сўнг, камдан-кам одам унинг Англияда муваффақият қозонишига ишонган эди.

Бироқ, у бир мавсумда урилган голлар сони бўйича АПЛ рекордини янгилади. Шунингдек, африкалик футболчилар орасида АПЛ тўпурари бўлиб олди. Бундан ташқари, «Ливерпуль» футболчиси томонидан бир мавсумда урилган голлар сони бўйича 1984 йилдан бери энг яхши натижани қайд этди. 

Фото: AFP

Муҳаммад Салоҳнинг меҳнати муносиб тақдирланиб, бир неча шахсий совринларга лойиқ кўрилди. Жумладан, Профессионал футболчилар уюшмаси томонидан йилнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Ундан олдин, африкаликлар орасида бундай эътирофга 2016 йилда Риёз Маҳрез сазовор бўлган эди.

Муҳаммад Салоҳнинг ажойиб мавсумни ўтказиши уни замонамизнинг энг катта футбол юлдузлари Лионель Месси ва Криштиану Роналду билан таққосланишига олиб келди.

Фото: Reuters/Amr Abdallah Dalsh

Мисрлик ёшлар пирамидалар олдида тасвирланган Муҳаммад Салоҳ портрети олдидан ўтиб боришмоқда. Араб ёзувлари: «Сиз гиёҳванд моддалардан кучлисиз» - деган маънони англатади.

Футболдаги машҳурликдан ташқари, Салоҳ Ислом қадриятларини ўзида мужассамлаштирган шахс сифатида ҳам намоён бўлди. Ғарбда аксилисломий баҳслар авж олаётган бир пайтда, Салоҳ ўз ҳиссиётларини майдонда очиқчасига намойиш қилмоқда, ҳар бир голидан сўнг қўлларини осмонга кўтариб, дуо ва худди намоздаги каби сажда қилмоқда.

Мисрда Салоҳ аллақачон миллий қаҳрамонга айланган. Айнан унинг ҳал қилувчи голи терма жамоага ЖЧ-2018 йўлланмасини тақдим қилганди. Энди мисрликлар сўнгги 28 йилда илк маротаба мундиал ҳавосидан нафас олиш имкониятига эга бўлишди.