Жорий йилнинг 19-20 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида бўлди. Давлат раҳбари ташриф давомида вилоятда олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ишлар билан яқиндан танишди. Президент вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов фаолиятига юқори баҳо берди ва уни доим қўллаб-қувватлаши ҳақида маълум қилди.
Куни кеча вилоят ҳокими Андижон халқига мурожаат билан чиқиб, бундан кейинги режалар, мақсадлар, олиб бориладиган ишлар ҳақида баёнот берди. Ҳоким ўз чиқишида турли соҳалардаги қинғирликлар ва аҳолининг бугунги кун кайфиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
1-қисм
2-қисм
Боқимандалик – энди у гаплар кетмайди
“Эътибор бердингизми, давлатимиз раҳбари АҚШдан қайтиб келгач, тўғри Андижон вилоятига ташриф буюрдилар. Бу ҳолатни менга: “Ҳозир бир соат ҳам ғанимат, ҳозир бемалол, бефарқ бўлиб ўтирсак, ҳаётдан ортда қолиб кетамиз”, деб изоҳладилар. У киши Андижонда “ҳар бир оила- тадбиркор” шиори остида янгича ислоҳотлар ўтказиш учун менга алоҳида топшириқлар бердилар.
Очиқ мулоқотда чиқаётганимнинг сабаби ҳам шу, бу гапларни ҳар ким ҳар хил талқин қилмасин. Боқимандачилик, ишламасдан “бер-бер” дейиш, ҳаракат қилмасдан нимадир талаб қилиш – бундай сиёсат бўлмайди. Ҳамма ҳаракат қилиши керак. Телевидение орқали кузатган бўлсангиз керак, икки оёғи йўқ қизнинг турмуш тарзини. У шу ҳолатида тикувчилик қилади, рўзғор ишларини юритади. Бу қиз ҳам ўзига, ҳам жамиятга фойда келтирмоқда. У айтади: “Менга униси-буниси ёрдам қиламан дейди, керак бўлса мен уларга ёрдам бераман”. Ҳар қандай оилани маълум бир йўналишга жалб этиш, уни етаклаш, ўргатиш, тушунтириш бизнинг вазифамиз. У ёғини тортиб кетиши унинг вазифаси. Агар шунда ҳам боқимандалик қилса, бундай оиланинг ҳеч кимга кераги йўқ”.
Ҳар бир хонадонга кириб чиқилади, ҳар бир оила тадбиркор бўлади
“Ҳар бир оила тадбиркор бўлади, у ўқитувчими, шифокорми, умуман, барча хонадонларга кириб буни тушунтирамиз. Бу – тепадан туриб олиб гапириш эмас. Ҳар бир хонадонга кириб, унинг ички имкониятларини ҳисобга олган ҳолда тадбиркорликка йўналтирамиз. Президентимиз Андижон вилоятига жуда катта маблағ ажратиб берди. Давлат катта-катта завод, фабрикалар қурмайди. Чунки биз ҳозир хусусийлаштириш йўли орқали кетяпмиз. Ҳозир биз завод, фабрика қураётган тадбиркорнинг қўлига қараб қолсак, Андижондек аҳолиси кўп вилоятни иш билан таъминлашга қийналиб қоламиз.

















