Спорт | 09:10 / 27.05.2018
37526
2 дақиқада ўқилади

Салоҳнинг жароҳати жиддий эмас - у мундиалга боради

Европа Чемпионлар лигасида «Реал»га қарши кечган ва ўйин бошидаёқ елкасидан жароҳат олиб майдонни тарк этган «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ жаҳон чемпионатига боради. 

Ўйин давомида Салоҳнинг жароҳати жиддийлиги, у 2018 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиб юбориши ҳақида хабарлар берилганди, шунингдек, ўйиндан кейинги матбуот анжумани вақтида мерсисайдликлар жамоаси бош мураббийи Юрген Клопп футболчининг жароҳати жиддий эканини айтди, аммо Миср футбол федерацияси шифокорларнинг прогнозлари ижобийлигини маълум қилишмоқда. 

Миср Спорт вазири Холид Абдулазиз фейсбукдаги расмий саҳифасида Салоҳнинг жароҳатдан тикланиши учун 2 ҳафта етарли бўлиши ҳақида ёзган.

Маълум бўлишича, футболчининг ўнг елкасидаги бўғимларда шикастланиш қайд этилган. Ҳозирда Салоҳ шифохонада, у бу ерда даволанишнинг биринчи босқичини ўтказади, 2 ҳафтадан сўнг терма жамоага қўшилади. Вазирнинг сўзларига кўра «Ливерпуль» етакчиси билан рўй берган ҳолат терма жамоанинг Жаҳон чемпионати учун якуний таркибига таъсир кўрсатмайди. 

2018 йилги жаҳон чемпионати 14 июндан 15 июлга қадар бўлган муддатда Россиянинг 11 шаҳридаги 12та стадионда бўлиб ўтади. Унда Миср терма жамоаси A гуруҳида мезбонлар Россия термаси, шунингдек Уругвай ва Саудия Арабистони терма жамоаларига қарши кураш олиб боради.

Мавзуга оид