“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига ўқишга қабул қилишда тест синовини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Давлат тест маркази буйруғи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтига ўқишга қабул қилишда тест синовини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, тест синови Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

Институт Давлат тест маркази билан келишган ҳолда кириш синовларига рухсат берилган кундан бошлаб, йигирма кун мобайнида тест синовини ўтказиш учун шартнома тузади, тест синови ўтказиладиган кунни белгилайди.

Тест синови натижалари тест ўтказилган кундан сўнг уч кун мобайнида эълон қилинади.

Қабул жараёнини юқори даражада уюшқоқлик билан, тартибли равишда ташкил этиш, тест жараёнининг холисона ва адолатли ўтишини таъминлаш, номзодларга уларнинг тест синови жараёнидаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, тест синовини ўтказиш билан боғлиқ барча зарур шароитларни яратиш ҳамда тест синови натижалари бўйича абитуриентларга тўлиқ маълумотлар бериш Институт томонидан ташкил этилган Қабул комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади.

Тест синови жараёнини видеотасвирга тушириш ишларини ташкил этади. Тест синови тугаганидан кейин видеотасвирлар бош штабда Давлат тест маркази масъул ходимига топширилади.

Қабул комиссияси тест синови белгиланган кундан камида 15 кун олдин мазкур абитуриентларнинг умумий рўйхатини, шунингдек тест синови ўтказиладиган бинолар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, Ўзбекистон тарихи, иқтисодиёт назарияси ва ҳуқуқшунослик фанларидан ўқув дастурларни ва тест синови топшириқларини Давлат тест марказига тақдим этади.

Тест синови ўтказиладиган биноларни тест синовига тайёрлаш бўйича жавобгарлик қабул комиссияси зиммасига юклатилади. Тест синовлари Институт биносида ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилади.

Тест синови ўтказиладиган бинолар ҳудудий жойлашуви бўйича тест материалларини ўз вақтида ва хавфсизлиги таъминланган ҳолда етказиш ҳамда Давлат тест маркази масъул ходимининг тест синови жараёнида назорат қила олиши учун бир-бирига яқин бўлиши керак.