Жаҳон | 01:10 / 29.05.2018
24386
2 дақиқада ўқилади

Мисрлик адвокат Серхио Рамосдан 1 миллиард евролик товон пули талаб қилмоқда

Фото: AP

Мисрлик адвокат Бассам Ваҳба “Реал” Мадрид футболчиси Серхио Рамос устидан ФИФАга 1 миллиард евролик даъво аризаси топширди. Ваҳбанинг фикрича, Рамос Чемпионлар лигаси финалида Миср терма жамоаси ва “Ливерпуль” клуби ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳга атайлаб жароҳат етказган. Бу ҳақда Goal портали маълум қилмоқда. 

Салоҳ учрашувнинг 30-дақиқасида Рамос билан тўп учун курашда елкасидан жароҳат олди. Футболчининг тикланиши муддати ҳозирча номаълум ва у бир неча ҳафта ўтказиб юбориши мумкин. Салоҳнинг ўзи эса жаҳон чемпионатигача тиклана олишига ишонмоқда. Рентген натижалари Салоҳнинг елка бўғими мушаклари чўзилганини кўрсатган.

“Рамос Салоҳга атайлаб жароҳат етказди ва бу қилмиши учун жазоланиши керак. Мен ФИФАга даъво аризаси топширдим. Мен Рамос томонидан Салоҳ ва бутун Миср халқига етказилган жисмоний ва руҳий зиён учун қиймати 1 млрд евродан ошиши мумкин бўлган товон пули талаб қиламан”, деб айтган Ваҳба.

Салоҳ Миср терма жамоаси етакчиси ҳисобланади. У жорий мавсумда 44 та ўйинда 52 та голга ва 16 та голли пасга муаллифлик қилган. У жорий йилда Африка ва Англия чемпионати футболчиси деб топилган.

Миср жаҳон чемпионатида 15 июнда Уругвай, 19 июнда мезбон Россия ва 25 июнда Саудия Арабистони билан ўйнайди.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид