Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимига куйидаги халқаро ва республика миқёсида ўтадиган тадбирлар киритилиши мумкин:

халқаро конференциялар, семинарлар ва анжуманлар;
миллий ва халқаро кўргазмалар ҳамда ярмаркалар;
миллий чолғулардан иборат турли концертлар;
спорт мусобақалари ва тадбирлари;
амалий санъат намуналари намойишлари;
миллий ҳунармандчилик йўналишидаги тадбирлар;
оммавий театр-томоша ва миллий ўйинлар намойишлари;
туризм ва маданий мерос объектларидаги тадбирлар;
бошқа маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирлари.

Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларини молиялаштириш ижрочилар ва ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Қуйидагилар тақвимни шакллантиришнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирлари тўғрисида хорижий сайёҳларнинг аввалдан тўлиқ маълумотга эга бўлишини таъминлаш;

туризм соҳасида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига туризм хизматларини шакллантириш ва ушбу хизматларни кўрсатиш учун ахборот базасини яратиш;

республика ҳудудида ўтадиган халқаро кўргазмалар, ярмаркалар, спорт мусобақалари ва тадбирлар, амалий санъат намуналари намойиши, миллий ҳунармандчилик йўналишлари асосидаги тадбирлар, оммавий театр-томоша ва миллий ўйинлар намойишларида ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларда хорижий меҳмонларнинг иштирокини таъминлаш;

республикага келаётган хорижий сайёҳлар оқимининг кўпайишига, ички ҳамда ташқи туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш;

халқаро туризм бозорида “Ўзбекистон” брендининг кенг миқёсда тарғиб қилиниши ҳамда ёритиб борилишини таъминлаш.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириб, ҳар йили 15 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарига тасдиқлаш учун тақдим этади.