KUN.UZ таҳририятига Хоразм вилояти, Гурлан тумани, Сахтиён қишлоғидаги «Сахтиён» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар мурожаат қилишди.

Хатда маҳаллада ижтимоий муаммолар мавжудлиги, хусусан мактаб, боғча, гузар йўқлигидан шикоят қилинган эди. Вазиятни ўрганиш учун Гурлан туманига бордик. «Сахтиён» маҳалласи фуқаролар йиғини идорасида мурожаатчилар билан учрашдик.

Сахтиён қишлоғи Гурлан туманида жойлашган бўлиб, 4та маҳалладан иборат - «Обод», «Чаккалар», «Сахтиён» ва «Ватанпарвар». Унда 10 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

«Сахтиён» маҳалласида 480та хонадон мавжуд бўлиб, 2500га яқин фуқаро яшайди. Катта маҳаллалардан бири бўлса-да, бу ерда ижтимоий объектлардан бирортаси мавжуд эмас.

«Маҳалламиз қишлоқнинг ўзаги ҳисобланади» - деб сўз бошлади нафақахўр отахон Каримбой Жуматов. «Бошқа маҳаллалар бизникидан кейин барпо қилинган. Уларнинг барчасида мактаб ва боғча мавжуд. Аммо, бизнинг маҳалламизда негадир на боғча, на мактаб ва на маҳалла гузари бор».

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асқар Ишмуратов сўзларига кўра, айни пайтда маҳалла болалари узоқ масофани босиб ўтиб, қўшни маҳалладаги мактабга қатнашга мажбур.

«Маҳалламизнинг 523 нафар боласи 2,6 км масофани босиб ўтиб, бизга энг яқин бўлган «Чаккалар» маҳалласидаги 24-сон мактабга қатнайди. Куз-қишнинг совуғи, баҳорнинг ёмғир-лойида ҳам аҳвол шундай.

Маҳалламизда 2245 нафар фуқаро истиқомат қилса-да, болалар боғчаси, гузар, дам олиш масканлари, савдо шаҳобчалари, болаларимиз учун спорт майдончаси йўқ. Ҳатто дорихона мавжуд эмас. Ижтимоий объектлардан бирортаси йўқ» - деди у.

Нафақахўр отахон Ўрозбой Ваисов сўзларига кўра, маҳаллада мактабнинг йўқлиги жуда кўп хонадонларни моддий тарафдан ҳам қийнаб қўймоқда.

«6 нафар набирам бор, уларни Гурлан тумани марказига қатнаб ўқитишга мажбурман. Йўлкирага ҳар куни 12 минг сўм сарфлаяпман. Шахсий автомашинаси борлар, ўзи олиб бориб келяпти. Йўқлар эса мана шундай харажат қилишга мажбур. Бир ойда анча-мунча маблағ сарфланади, буни чўнтаги кўтарадиганлар бор, кўтармайдиганлар бор...».

Маҳалла оқсоқолларидан бири Халилулла Юсупов сўзларига кўра, мактаб барпо қилиб бериш бўйича шу пайтгача қилинган барча мурожаатлар ижобий ҳал бўлмаган. Унинг қўлида тегишли ташкилотлардан келган бир қанча жавоб хатлари бор. Уларнинг бири Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан юборилган бўлиб, унда 2018 йили Сахтиён қишлоғида 315 ўқувчига мўлжалланган янги мактаб биноси қурилиши кўзда тутилгани ёзилган.