Жамият | 09:59 / 02.06.2018
11549
3 дақиқада ўқилади

Болага китоб ўқиб бериш эмас, қандай китобни ўқиб бериш муҳим

Фото: iStock

Жаҳон адабиётида ўзига хос ўринга эга ижодкор Ҳенрих Ҳайне болалик хотиралари ҳақида ярми ҳазил, ярми чин маънода шундай ёзади: “Онам болалигимда шеърлар ўқиб берарди, мен шоир бўлдим. Амакиваччамнинг онаси фақат қароқчилар ҳақида китоблар ўқиб берарди, у банкир бўлди”.  Аминмизки, бу гапи билан у ҳамма банкирларни ҳам қароқчи демоқчи бўлмаган ва биз бугун тилга олмоқчи бўлган мавзу ҳам бу ҳақда эмас.

Айтмоқчи бўлганимиз, бугун китоб мутолаасига эътибор давлат сиёсати даражасида кўтарилди. Шунга ҳамоҳанг халқимизнинг ҳам китобхонликка муносабати тубдан ўзгармоқда. Бошқача қилиб айтганда, китобнинг “обрў”си ошмоқда. Яъни, фарзандларимизни кичик ёшиданоқ мутолаага қизиқтириш, уларга турли китоблар совға қилиш, ҳали ҳарф танимайдиганларига ҳам ота-оналарининг китоб ўқиб бериши яхши одатга айланмоқда. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор.

Чиндан ҳам, мурғак болакайларга китоб ўқиб бериш гўзал фазилат, аммо қандай китобларни ўқиб бериш масаласи муҳим. Чунки, ҳеч кимга сир эмаски, китоб расталарида “Эртаклар” номи остида турган китобларнинг ҳаммаси ҳам бола характерини тўғри шакллантиришга хизмат қилмайди. Мисол учун, айрим эртакларда баҳодир “ёмон одам”ни қилич билан ўлдириб ташлагани, бошини танидан жудо қилгани, жардан улоқтириб юборгани тасвирланади. Ухлаш олдидан мана шундай эртакларни эшитган болада баҳодир бўлиш орзуси туғилиши шубҳасиз. Аммо баҳодирлик одам ўлдиришми?! Бизнинг тарбиямизга кўра, ёмоннинг жазосини Худо бермайдими? Умуман, болани хунрезликка чорламайдиган, ёруғ мақсадларга ундайдиган эртакларга бўлган эҳтиёж бугунги куннинг долзарб масаласидир. Шу боис ҳам ота-оналар фарзандига эртак ўқиб беришдан аввал ўша эртакни олдин ўзи ўқиб, лойиқ деб топганидан кейингина жажжи онг, вужуд эгасига ҳавола қилиши лозим.

Шундагина биз жаллод “баҳодир”ларни эмас, замонамиз қаҳрамонларини тарбиялай оламиз.

Зуҳал РЎЗИЕВА

Мавзуга оид