Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2018 йилдаги «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 399-сон қарори эълон қилинди.  

Асиллик палатаси томонидан илгари берилган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари 10.06.2018 йилгача қайта расмийлаштирилиши керак, кўрсатилган муддат тугагач улар ҳақиқий ҳисобланмайди, 2018 йилда электрон шаклда берилганлари бундан мустасно, деб ёзмоқда Norma.
 
Энди қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари Асиллик палатаси томонидан фақат Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари орқали ёки Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали берилади. 
 
Асиллик палатасига:

• рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси берилиши учун аризаларни ариза берувчидан бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда олиш;
• Давлат хизматлари кўрсатиш марказига ёхуд Ягона порталга мурожаат қилган ариза берувчиларни уларнинг аризалари кўриб чиқилаётган жараёнлар даврида таклиф қилиш;
• ариза берувчилардан Низомда назарда тутилмаган маълумотлар тақдим этилишини талаб қилиш тақиқланади.
 
Асиллик палатаси «Лицензия» ахборот тизимлари комплекси воситасида рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари реестрини шакллантиради. Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари реестридаги маълумотлар Асиллик палатасининг расмий веб-сайтида, «Лицензия» ахборот тизимлари комплексида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.   
 
Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси рўйхатдан ўтказиш маълумотлари тегишли ахборот тизими реестрига киритилганлиги далилини тасдиқловчи матрицали штрих кодига (QR-код) эга бўлади.
 
Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси:

• қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишларни амалга оширишга 5 йил муддатга;
• заргарлик буюмлари ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмлар (бундан кейин – заргарлик буюмлари) билан савдо қилиш учун 1 йил муддатга берилади.