2017 йилнинг 19 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Ундаги “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз”, деган сўзлари Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини аниқ ва равшан кўрсатиб берди. Нутқда, жумладан, шундай дейилади: “Марказий Осиё Уйғониш даври намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик”.

Ҳадис илмининг султони Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда ушбу халқаро Марказнинг ўрни катта. Марказ илмий тадқиқотлар ва малака ошириш ўқувлари йўналишида фаолият юритади. Йилига тўрт марта “Имом ал-Бухорий сабоқлари” журнали чоп этилади.
Таъкидлаш жоизки, Ҳазратнинг шоҳ асарлари “Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ” (4 жилдлик) ва “Ал-адаб ал-муфрад” тўлиғича ўзбек тилига ўгирилиб, кенг китобхонлар оммасига тортиқ этилган. Бугунги кунда Имом Бухорий номи билан Тошкент ислом институти фаолият юритмоқда. Қолаверса, бир неча жоме масжидлар ҳадис билимдонининг номи билан аталади.
Самарқанднинг Хартанг қишлоғида, аллома дафн этилган гўшада муҳташам мажмуа барпо этилган. Бу ёдгорлик мажмуаси Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон ва Шаҳрисабз халқ усталари томонидан қисқа муддат, яъни саккиз ой мобайнида барпо этилган экан. Мажмуа таркибида ҳазратнинг мақбаралари, катта жоме масжид, музей ва бошқа иншоотлар бор. Таъкидлаш жоизки, музейда биринчи юртбошимизга ўша пайтлардаги Саудия Арабистони подшоси томонидан совға қилинган каъбапўш сақланади. Шунингдек, мажмуа худудида бешта чинор дарахти ва улар бўйидаги ҳовуз ҳам тарихий аҳамиятга эга. Ушбу дарахтлар 16-асрда Бухоро хони Абдуллахон томонидан экилган. Ҳозирда чинорларнинг ёши 570 дан ошганини мутахассислар таъкидлашади. Бугунги кунда ер шарининг турли нуқталаридан келаётган зиёратчиларни кўрганда, Қуръони каримдан кейин иккинчи ўриндаги муқаддас китоб “Саҳиҳи Бухорий”ни тузган зот билан ватандошлигингдан фахрланиб кетасан киши.

















