Мактаб дарсликлари хориж стандартлари асосида ишлаб чиқилади

Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимида янги авлод дарсликларини жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Қайд қилинишича, янги ўқув адабиётларини тайёрлашда халқаро тажрибага мурожаат қилинди. Бошланғич синф дарсликлари Финландия таълим альянси сертификациясидан ўтган, 5-7-синфларнинг математика, физика, кимё ва биология дарсликлари Сингапур дарсликлари асосида ишлаб чиқилган.

Янги ёндашувда ўқувчининг ҳар бир синф якунида нимани билиши ва бажара олиши аниқ белгиланади. Таълим стандарти, ўқув дастури, дарслик ва баҳолаш ўзаро боғлиқ ҳолда шакллантирилиб, мавзуларнинг ёшга мослиги, изчиллиги ҳамда билимни амалиётда қўллаш имкониятига эътибор қаратилади. 2027 йилга қадар жами 1 минг 342 номдаги дарслик ва ўқув-методик материални тайёрлаш режалаштирилган.

Боланинг номусига текканлик учун умрбод қамоқ жазоси таклиф қилинди

Болага нисбатан ўта оғир жинсий жиноятлар учун жазони кучайтириш, жумладан, 14 ёшга тўлмаган боланинг номусига текканлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклиф қилинди. Шу мазмундаги қонун лойиҳаси 29 сентябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат билан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, лойиҳада болаларга нисбатан содир этиладиган зўравонлик ва жинсий тажовузлар учун жазо чораларини кучайтириш, жабрланган болаларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда масъул ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган нормалар акс этади.

Қонун кучга кириши учун Сенат томонидан маъқулланиши ва президент томонидан имзоланиши лозим.

Кўп қаватли уйни рухсатсиз қурганлик учун 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланади

Қурилиш инспекциясининг рухсатномасисиз кўп қаватли уйни қурганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Бу президент томонидан 28 сентябр куни имзолаган қонунда назарда тутилган.

«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгаришларга кўра, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциясидан рухсат олиш талаб этилади.

Инспекция рухсатномасисиз кўп квартирали уйни қурганлик учун фуқарога БҲМ 400 баравари (176 миллион сўм), мансабдор шахсга эса 450 баравари (198 миллион сўм) миқдорида жарима белгиланади. Агар қонунбузарлик маъмурий жазо қўллангандан кейин такрор содир этилса, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.

Бундан ташқари, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш инсоннинг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келса, 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қашқадарёда мактаб ўқувчилари ғўза дефолиациясидан заҳарланди

Ғузор туманида мактаб ўқувчилари ғўза дефолиациясидан заҳарланди. Ички ишлар вазирлиги берган ахборотга кўра, 23 сентябр куни 51-сон умумий ўрта таълим мактабининг 22 нафар ўқувчиси кўнгил айниши ва бош оғриғи каби аломатлар билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.

Ўрганишлар натижасида аниқланишича, мактаб биносига яқин ерларда фермер хўжалиги далага «Агро Аугрон» номли дори воситасини сепган. Бунинг оқибатида 10–11-синфларнинг 22 нафар ўқувчиси ҳаво орқали заҳарланганлик аломатлари билан тиббиёт муассасасига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 201-моддаси 1-қисми (зарарли кимёвий моддалар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

2027 йилдан пенсия тайинлаш хизмати интерактив ва проактив шаклга ўтказилади

2027 йил 1 январгача пенсия таъминотига оид хизматлар тўлиқ интерактив ва проактив шаклга ўтказилади. Яъни бунда фуқаролардан ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди. Бу ҳақда «Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, пенсия таъминотига оид айрим хизматлар фуқароларнинг алоҳида мурожаатисиз проактив шаклда кўрсатилади. Хусусан, 2026 йил 1 ноябрдан ишлар ҳажмининг қисқариши ёки корхонанинг тугатилиши сабабли ишсиз деб топилган шахсларга умумий белгиланган ёшдан икки йил аввал ёшга доир пенсия тайинланади.

Шунингдек, 2027 йилдан «Менинг пенсиям» онлайн хизмати орқали пенсия ёшига бир йил қолган фуқароларни олдиндан хабардор қилиш имконияти яратилади.