Ниғматулла Йўлдошев Александр Лукашенко билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматулла Йўлдошев бошчилигидаги парламент делегациясининг Беларусь Республикасига ташрифи доирасида Беларусь президенти Александр Лукашенко билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Президент А.Лукашенко Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг нафақат давлатлар ўртасидаги, балки бутун минтақадаги дўстона, ўзаро самарали муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ютуқларига юқори баҳо берди. Белоруссия раҳбари “охирги йилда Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида барча йўналишларда ҳамкорликда катта ижобий силжиш бўлди ва бунда Ўзбекистон раҳбарининг хизмати катта”, деб таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида, Н.Йўлдошев икки давлат ўртасида товар айланмаси ошганини, савдо-иқтисодий ва инвестициявий лойиҳалар кўпайганини қайд этди.
Ўзбекистон парламенти делегацияси Ўзбекистон ва Беларусь бизнес доиралари вакиллари иштирокида ўтказилган ҳамда тадбиркорлик соҳасидаги икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга, икки республикада ишлаб чиқариладиган товарлар экспорти ва импортини оширишга, шунингдек иқтисодиёт ва молия секторини ривожлантиришда ҳар бир томоннинг инвестициялар билан иштирокини кенгайтиришга бағишланган давра суҳбатида ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси Беларусь Республикаси ишбилармон доиралари вакилларини Ўзбекистонда бизнес билан шуғулланиш имкониятлари, мамлакатимизда тадбиркорларни ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган ҳуқуқий ва молиявий чора-тадбирлар, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олиб борилаётган хусусий секторни янада ривожлантириш ислоҳотлари билан таништирди.
Шунингдек, парламент делегацияси аъзолари “Белаз” ОАЖ ва “Дзержинский” ОАЖ агрокомбинати каби йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш қуввати билан танишдилар.
Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни мамлакат парламенти аъзолари Беларусь Республикаси бош вазири А.Кобяков билан учрашдилар. Учрашув чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги давлатлараро муносабатларни ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, савдо-инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантиришга оид масалалар муҳокама қилинди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон парламенти делегацияси “Юқори технологиялар саройи маъмурияти” давлат муассасасида бўлди. Унда корхона директори В.Янчевский меҳмонларга мазкур сарой ҳақида батафсил маълумот берди. Учрашув якунлари бўйича Мирзо Улуғбек инновациялар маркази ва “Юқори технологиялар саройи маъмурияти” ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари келишиб олинди.
Мавзуга оид
21:16 / 22.11.2024
Лукашенко Беларусда норозилик намойишлари такрорланса, интернетни «бутунлай ўчириб қўйиш» билан таҳдид қилди
20:52 / 20.11.2024
Лукашенко яна 32 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
01:38 / 19.11.2024
Лукашенко 21 нафар собиқ кучишлатар тизимлар вакилларини унвонидан маҳрум қилди
20:18 / 16.11.2024