2018 йил 9 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Ариза берувчи — уй қурувчининг 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори қабул қилинди, деб ёзмоқда “Инсон ва қонун” нашри.
Мазкур қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 ноябрдаги “Ариза берувчи — уй қурувчининг фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тавсиялари асосида 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори бекор қилинди. Яъни, маҳалла фуқаролар йиғинларининг бу соҳадаги фаолияти тўхтатилди. Бу ваколатга туман ҳокимликларида ташкил этиладиган махсус комиссия эга бўлди.
Қарорга кўра, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисидаги янги низом тасдиқланди.
Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларга қуйидагилар киради:
— бошқа оила ёхуд бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) биргаликда яшовчи оила;
— кўп болали оилалар;
— тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаётган оналар (оталар);
— даромади юқори бўлмаган оила (бир ойдаги жами даромади ҳар бир оила аъзосига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдоригача тўғри келадиган оила);
— таркибида биринчи гуруҳ ногирони бўлган ёхуд сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи шахс бўлган оила;
— уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв. метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв. метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ бўлмаган оилалар эндиликда туман ҳокими ҳузурида ташкил этилган доимий комиссияга мурожаат этиб, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларни олиш учун керакли ёзма тавсияни олиш учун уй-жойи йўқлиги тўғрисида асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда мазкур низом талаблари асосида ишлаб чиқилган анкета-аризани комиссия раиси (туман ҳокими) номига ёзиш билан мурожаат этишлари мумкин.
Туман комиссиясига қандай ҳужжатлар тақдим қилинади?

















