Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл-транспорт ҳодисалари профилактикаси самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат билан ҳафтанинг ҳар жума куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни» этиб белгиланиши мумкин. Ушбу кунда қуйидаги тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади:
йўл ҳаракати иштирокчилари орасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини шакллантириш, уларнинг қонунга итоаткорлик хулқ-атворини оммалаштиришга қаратилган самарали тарғибот тадбирларини ўтказиш;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда аҳоли билан йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилиш, шу жумладан, йўл-транспорт ҳодисалари энг кўп содир этиладиган ҳудудларда аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш орқали тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
кенг жамоатчилик иштирокида жойларда йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этилиш сабаблари ва бунга имконият яратаётган шарт-шароитлар ҳамда уларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чораларни танқидий муҳокама қилиш;
республика ва маҳаллий теле- ва радиоканалларда махсус телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни ташкил этиш орқали йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик оқибатлари, пиёдалар ва транспорт воситалари ҳайдовчиларининг айби билан юз берган йўл-транспорт ҳодисалари ва бу борада уларнинг жавобгарлиги масалаларини мунтазам равишда ёритиб бориш орқали кенг жамоатчиликка профилактик таъсир кўрсатиш;
йўл ҳаракати хавфсизлиги ва йўл-транспорт ҳодисалари профилактикаси масалалари бўйича оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет тармоғида мақолалар, шарҳлар ва бошқа материаллар чоп этилишини ташкил этиш.
«Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни» доирасида амалга оширилаётган тадбирларни назорат қилиш, мониторинги, шунингдек, ваколатли органлар ва муассасаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, ҳужжат билан йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш бўйича намунавий дастур;
йўл ҳаракати хавфсизлиги куни доирасида тадбирларни ташкил этиш схемаси тасдиқланиши мумкин.

















