Жаҳон | 11:26 / 17.06.2018
25287
2 дақиқада ўқилади

Европадагилар АҚШ Россиядан ҳимоя қила олишига ишонишмаяпти

Фото: Михаил Маркив / РИА Новости

Латвия президенти Раймонд Вейонис маълум қилдики, Европа «қатор чақириқлар, хусусан Россия томонидан келадиган чақириқлар» қаршисида фақатгина АҚШга умид қилиб қолмаслиги керак. Бу ҳақда TVnet портали хабар тарқатган.

Латвияликлар президенти сўзларига кўра, НАТО давлатларига ҳозирда бир қанча таҳдидлар мавжуд: Шимолий Атлантика альянси жануби, Сурия ва Шимолий Африкадаги беқарор вазият, Хитой таъсири кенгайиб бораётгани шулар жумласидан. Сиёсатчи бундай хавотирли жиҳатлардан бири сифатида — «Россия ўз мускулларини намойиш этаётгани»ни келтириб ўтган.

Вейонис Ғарбнинг бирлиги хавф остида қолганини қайд этиб, хавфсизликни мустаҳкамлаш, гибрид таҳдидларга қарши жавоб қайтаришга чақирган.

3 июнь куни НАТО Россия томонидан бўладиган эҳтимолий ҳужумни қайтариш учун қўшимча 30 минг кишилик захира тайёрлаши маълум қилинганди. Бундай бирлашма 30 кун ичида жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилиб, унинг ихтиёрида юзлаб қирувчи самолётлар ва ҳарбий кемалар бўлиши назарда тутилган.

Ўз навбатида Россия ҳам НАТО «Европанинг келишувларда кўзда тутилмаган ҳудудлари»да ҳарбий қудрати орттириб борилаётганидан ташвиш билдирган. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров НАТО томонидан ўтказилаётган ҳарбий машғулотлар сони ортаётганини қайд этган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид