Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Мактабгача таълим вазирлигининг «Мактабгача таълим муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи жойлаштирилди.

Мактабгача таълим муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомга кўра, кенгаш ҳар бир таълим муассасасида жамоатчилик асосида таълим-тарбия жараёнларини қўллаб-қувватлаш ҳамда унга молиявий ва ҳуқуқий соҳаларда кўмаклашиш учун ташкил этилади. Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди.

Кенгашнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

таълим муассасасида тарбияланувчиларнинг тўлақонли таълим-тарбия олишлари учун қулай соғлом муҳитни яратиш;

таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унинг фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

таълим муассасаси тарбияланувчиларининг мактабга тайёрлаш
ва маънавий-маърифий, маданий ҳамда соғломлаштириш тадбирларида иштирок этишлари учун шарт-шароитларни яхшилашда таълим муассасаси мудираси билан ҳамкорлик қилиш.

Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

таълим-тарбия ишларини шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширишда, шунингдек тарбияланувчиларнинг ҳар томонлама камол топиши учун шарт-шароитларни яхшилашда таълим муассасасига кўмак ва тавсиялар бериш;

ҳомийлик маблағлари ҳисобидан таълим муассасасини моддий-техника базасини ривожлантириш, унинг биносини таъмирлаш ва ҳудудини ободонлаштиришга кўмаклашиш;

тарбияланувчилар билан турли оммавий тадбирлар, саёҳатлар, учрашувлар, соғломлаштирувчи тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда таълим муассасаси мудирасига кўмаклашиш.

Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Мактабгача таълим муассасаси мудираси томонидан Кенгашни ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказилишидан ўн кун олдин йиғилиш ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида эълон, шунингдек мазкур Низомнинг нусхаси барчанинг танишиб чиқиши учун таълим муассасасида осиб қўйилади.

Кенгаш етти кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда тарбияланувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари), таълим муассасаси фаолиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган фахрийлар билан ўтказиладиган умумий йиғилишда барча аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги асосида ташкил этилади. Кенгаш таркиби аъзоларининг сони чекланмайди.