Қуйидаги ҳикоя ЖЧ-2018 турнирида сенсация қилган – жаҳон чемпионларини енгган Мексика термаси бош мураббийи Хуан Карлос Осорио ҳақида.
«Биз улар билан тенгма-тенг кураш олиб бора оламиз, – деганди Осорио Германияга қарши ўйиндан олдин. – Биз ҳозирда жаҳоннинг энг яхши терма жамоаси бўлиб турган жамоани енга олишимиз мумкин. Мен ўз йигитларимга ишонаман, бизнинг ярим ҳимоячиларимиз майдон марказида тўпни назорат қила олишади. Биз рақибни ҳурмат қиламиз, аммо майдонда ўз ўйинимизни кўрсатамиз».
У Германиянинг заиф жиҳатлари ҳақида ҳам гапирганди: «Орқа чизиқда 4 ҳимоячи билан чуқур ҳимоя қиладиган исталган жамоа ўртада 35 метрлик кенг ҳудудни бўш қолдирган бўлади. Бунинг учун исталган жамоани жазолаш мумкин, немислар бундан мустасно эмас».
Унинг айтганлари тўғри бўлиб чиқди.
«Бизда тактик режа мавжуд эди, биз уни 6 ой муқаддам ишлаб чиққандик. Бизда ҳамиша қанотларда икки тезкор футболчи бўлади. Лосано – бизнинг энг тезкор футболчимиз. Биринчи бўлимда биз ҳимояда ақл билан ҳаракат қилдик ва қарши ҳужумлар уюштирдик. Биринчи бўлимда биз рақибдан яхшироқ ўйнадик», – деди ўйиндан кейин Осорио. У айрим сирларни ошкор қилди: «Биз ноябрдаёқ 4 йўналиш бўйича платформа ишлаб чиққандик. Улардан бири – психология. Мен ҳамиша футболчиларга асосий масъулият менинг зиммамда бўлишини уқтириб келганман. Турли босимлар бўлишига қарамасдан, улар ҳеч қачон ҳаяжонланишмади. Биз ютқазсак ҳам, бу футболчиларнинг айби ҳисобланмасди. Улар фақат менинг олдимда жавобгар, улар менинг техник қарорларимга амал қилишса бас эди. Германия терма жамоаси устидан ғалабамизга сабаб — улар жаҳоннинг амалдаги чемпионига қарши ўйнашдан қўрқишмади».
Хуан Карлос билан янада яқинроқдан танишамиз.

• Осорио – колумбиялик. Мексикаликлар хорижлик мураббийларни термага таклиф этишдан чўчишмайди (турли йилларда бу терма жамоани Свен-Йоран Эрикссон, Бора Милутинович, Сезар Луис Менотти ва бошқа мексикалик бўлмаган мутахассислар бошқарган), аммо Осорионинг тайинланиши кутилмаган қарор эди – ушбу мутахассисни Мексика даражасида ҳам кўпчилик танимасди, у бунгача Мексика чемпионатида «Пуэбла» клуби билан бир неча ой ўтказган, бу жамоа 11 ўйиндан 7тасида мағлубиятга учраганди.
• Мексикалик мухлислар Осориони тез-тез танқид қилишар ва ундан истеъфо сўрашарди. Уларга мураббий доимий равишда ротация қилиши ёқмасди (масалан, Америка Кубогининг гуруҳ босқичидаги 3 ўйинда мураббий 3 дарвозабонни майдонга туширганди). Шунингдек, у схемаларни ҳам аралаштириб қўлларди, мексикаликлар уни тушунмас ва уни бегона деб қарашарди. «Бу ғалабани бизни Москвада қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга бағишлашни истардим. Ўйлайманки, мухлисларимиз сафи бундан кейин ҳам кенгайишда давом этади», – дея жавоб қайтарди танқидчиларига Осорио Германия устидан қозонилган ғалабадан кейин.
















