Агар ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг сентябрь ойида Андижон шаҳри 8 – умумий таълим мактабида фаррош бўлиб ишлаётган рафиқаси ўрнига пахта теримига бориб, далада вафот этган Музаффар Халилов ҳақида хабар берган эдик.
Куни кеча Kun.uz таҳририятига мурожаат келиб тушди. Арзнома эгаси билан алоқага чиққанимизда шуниси маълум бўлдики, мурожаат ўша машъум воқеа юз берган Андижон шаҳар, Улуғбек кўчаси, 5 уйдаги хонадон билан боғлиқ экан.
Ўтган пахта терими мавсумида турмуш ўртоғидан айрилиб, айни пайтда қийинчиликка учраган Насибахон Умрзақова келини ва набираси билан бирга истиқомат қилади. Ўғли эса Россияга иш излаб кетган.

Нима қилса ҳам уйнинг бошида отаси бўлсин экан. Мактабда фаррош бўлиб ишлаётган Насибахон опанинг маоши 340 минг сўм. Ўғли ишлаш учун феврал ойида четга кетган бўлса ҳам, ҳали иш топмабди. Уч кишига 340 минг сўм нима ҳам бўларди?
Қиш ойларида табиий газ йўқлиги сабаб, уйларни иситгани кўмир ва токдан фойдаланган оила электр энергиясидан 1 миллион 400 минг сўм атрофида қарз бўлиб қолибди.
Бундан икки ой олдин қарздорлик аниқлангач, шаҳар МИБ ходимлари Насибахон опани огоҳлантириб кетишади. Қарзни тўлагани маблағ топа олмаган опа чорасиз эди. Икки кун ўтиб унинг хонадони электр линиясида узиб қўйилади. Оила 2 ойдан бери электр токисиз ҳаёт кечирмоқда.

“Хўжайиним оламдан ўтгач, анча қийналиб қолдик. Яхши ўзим ишлайдиган 8-мактаб ёрдам берди. Опаларим, жиянларим ҳам қараб туришгани йўқ. Лекин, бировни қўлига қараб яшаш барибир мушкул. Ҳамманинг ҳам ўз ғам-ташвиши бор. Ўғлим ишлагани кетган. Ҳали пул жўнатгани йўқ.
Икки ой олдин МИБдан текширувчилар келишиб: “Қарзингиз бор экан, тўлаб қўйинг!” дейишгач, аҳволимизни айтдим. Улар икки кун узмай туришди. Кейин, барибир узиб кетишибди. Мен уларни айбламайман. Чунки, қарзмиз. Тўлашимиз керак.



















