Жаҳон | 15:07 / 28.06.2018
11977
2 дақиқада ўқилади

Туркияда германиялик хонанда терроризмда айбланиб ҳибсга олинди

Фото: DHA

Асли келиб чиқиши курдистонлик бўлган германиялик хонанда ва режиссёр Хозан Кане (ҳақиқий исми Саида Инач) Туркияда террорчилик фаолиятида айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар бермоқда.

47 ёшли аёл Эдирне вилоятида, Халқлар демократияси партияси ташкил этган тадбирда қўлга олинди. Эдирнеда ушбу партиядан президентликка номзод бўлган шахс ҳозир қамоқда сақланмоқда.

Хонанда мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчи партияси фойдасига терроризм тарғиботини амалга ошириш ва террорчилик ташкилотига аъзоликда айбланмоқда. Таъкидланишича, бундай ишлар бўйича қўлга олинган шахслар суд олдида ойлаб ва йиллаб қамоқда сақланиши мумкин.

Туркия ҳукумати далиллардан бири сифатида Хозан Кане роль ижро этган фильмдан саҳнани келтирган - у ўтган йили твиттердаги саҳифасида кинодан кадрни жойлаштирган, у ерда Курдистон ишчи партияси партизанлари билан бирга ўтирган.

«Синжордаги 74-геноцид» фильмининг ўзи эса, ИШИД террорчилик ташкилоти томонидан Ироқда ёзидларга қарши уюштирилган геноцид ҳақида ҳикоя қилади. Бошқа бир суратда аёлнинг ўзи қўлида қурол кўтариб олгани тасвирланади. Хабар берилишича, Курдистон ишчи партияси аъзолари 2014 йилги таъқиблар вақтида ёзидларга кўмак кўрсатишган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид