Спорт | 17:35 / 29.06.2018
20194
9 дақиқада ўқилади

Энг, энг, энг: Гуруҳ босқичи рақамларда

2018 йилги жаҳон чемпионатининг 16та омадли терма жамоаси аниқланди ва яна шунча жамоа уйига равона бўлди. Бу натижалар айнан қайси футболчиларнинг ҳаракатлари ортидан содир бўлганини қисман статистика ҳам айтиб бера олади. Бугунги танаффусдан фойдаланиб эътиборингизга OptaJoe кўрсаткичлари бўйича ЭНГ рукнига тушадиган баъзи статистик маълумотларни ҳавола қиламиз.

КЎП ГОЛ УРГАН?

Ҳарри Кейн (Англия) – 5та

Фото: Squawka

Бу борада кураш ҳали олдинда бўлиши мумкин. Гуруҳ босқичида Панама ва Тунис каби кучсизроқ жамоаларга қарши ўйнаган Кейн 5 гол (3таси пенальтидан) уриб бўлди. Лукаку ва Роналдуда 4тадан гол мавжуд. Шунингдек, курашни давом эттираётганлар ичида Диего Костанинг (3) ҳам имкониятини юқори баҳолаш мумкин.

Ҳали турнир олдинда бўлса ҳам, плей-оффда гол уриш янада қийинлашиб кетишини инобатга олсак, Ҳарри Кейннинг бу натижаси «Олтин бутса» учун яхшигина пойдевор бўлиб хизмат қилади. Масалан, ЖЧ-94 турнирида гуруҳ босқичида Камерунга қарши бир ўйинда 5 гол уриб, аммо гуруҳ босқичида қолиб кетган Олег Саленко якунда тўпурарлар рўйхатини Стоичков билан бирга бошқарганди.

ЭНГ САМАРАЛИ ҲУЖУМЧИ КИМ?

Юсуф Эн-Насри (Марокаш) – 18 дақиқада 1 гол

Фото: Squawka

Дастлабки икки турда ўйнамаган Юсуф Испанияга қарши ўйиннинг 72-дақиқасида майдонга туширилди ва бу вақт унга рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун етарли бўлди. Ўша ўйинда испанлар таркибида майдонга тушган Яго Аспасга эса, гол уриш учун 29 дақиқа керак бўлганди. Бу кўрсаткич билан Аспас 4-ўринни банд этган бўлса, ушбу футболчилар орасида Филипе Балой (Панама – 21 дақиқа) ва Йосип Дрмич (Швейцария – 22 дақиқа) бор.

Асосий таркибда ҳаракат қилиб, биттадан кўп гол урган футболчилар ичида эса, ҳозирча, Ҳарри Кейн етакчи, у ҳар бир гол учун ўртача 30 дақиқа майдонда югурган.

ЭНГ КЎП АССИСТ

Фото: Squawka

Биратўла 7 футболчида 2тадан голли узатма мавжуд. Булар – Карлос Санчес (Уругвай), Кинтеро (Колумбия), Ҳазри (Тунис), Александр Головин (Россия), Хамес Родригес (Колумбия), Виктор Классен (Швеция) ва Юри Тилеманз (Бельгия).

Карлос Санчес ҳар икки голли узатмани стандарт вазиятлардан амалга оширган бўлса, Александр Головин ҳар иккала узатмасини бир учрашувда бажарган.

ЭНГ БАЛАНД ЎРТАЧА РЕЙТИНГ

Ҳарри Кейн (Англия) – 9.08 балл

Фото: Squawka

Тунис ва Панама дарвозасиги икки ўйинда 5 гол урган ҳужумчи, табиийки, жуда яхши баҳога лойиқ кўрилган. У ҳар икки ўйинда ҳам учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилганини эътироф этиш керак.

Хорватиялик Милан Баделнинг ўртача баҳоси – 9.02. Кейинги ўринларни бельгияликлар – Лукаку (8.96) ва Эден Азар (8.74) эгаллаб турибди. Испаниялик Иско бешликни ёпиб беради – 8.48 балл.

АНИҚ ЗАРБАЛАР

Неймар (Бразилия) – 2.7

Фото: Squawka

Неймар ҳар бир учрашувда ўртача 2.7 мартадан рақиб дарвозасини аниқ нишонга оляпти. Аммо 8 зарбадан атиги 1таси голга айланганини таъкидлаш керак.

Бу кўрсаткич бўйича кейинги ўринда бораётган футболчиларнинг ҳар ҳолда омадлари бор. Ҳарри Кейн бир ўйинда ўртача 2.5 зарба йўллаган, англиялик ҳужумчининг дарвозага йўллаган барча аниқ зарбалари голга айланган. Криштиану Роналду эса, ўртача 2.3 аниқ зарба (ҳаммаси бўлиб 7та) йўллаб, 4 гол муаллифи бўлган.

ДРИБЛИНГ

Месси (Аргентина) – 6.7

Фото: Squawka

Аргентиналик ҳужумчи ҳар ўйинда ўртача 6.7 марта муваффақиятли дриблинг амалга оширмоқда ва бу борада унга етадигани йўқ. Иккинчи ўринда ким деб ўйлайсиз? Неймар? Азар?

Йўқ. Марокаш терма жамоасининг 21 ёшли футболчиси Амине Ҳарит атиги бир ўйинда, Эронга қарши майдонда ҳаракат қилди ва 6 марта муваффақиятли дриблингни амалга оширди. Кейинги ўринни Неймар (5.7)  ва Этебо (Нигерия – 5.3) каби футболчилар эгаллашди.     

ЎТКИР ПАСЛАР

Месут Ўзил (Германия) – 5.5

Фото: Squawka

Сўнгги ўйинда Германия мағлубиятга учраган бўлса-да, статистик тарафдан жуда юқори кўрсаткичлар қайд этди. Ўша ўйинда 7та ўткир пасни амалга оширган Ўзил бу борада рекорд қўйди. Майдонга тушган ўйинлари бўйича ўртача ҳисобда эса, Ўзил 5.5 кўрсаткичга эришди.

Кейинги ўринни бельгиялик Кевин Де Брюйне (4.5) эгаллаган. Яна бир немис футболчиси Киммих, Неймар, ҳамда Саудия Арабистони терма жамоаси етакчиси Салмон Ал Фараж ҳисобида ўртача 3.7 тадан ўткир паслар бор.

ЯРАТИЛГАН ВАЗИЯТЛАР

Фото: Squawka

Бу борада колумбиялик Кинтеро ва яна Кевин Де Брюйне тенгсиз бўлишди. Улар ҳисобида 3тадан яратилган хавфли вазиятлар бор. Яна 12 нафар футболчида 2тадан шундай вазият бор. Юқорида номлари тилга олинган Головин, Неймар, Классен, хамес каби футболчилар ҳам шу руйхатда топилади.

КЎККА СОВУРИЛГАН ВАЗИЯТЛАР

Миши Батшуайи (Бельгия) – 4

Фото: Squawka

Аслида майдонда кўп ҳаракат қилмаган бўлса-да, Миши Батшуайи бу кўрсаткич бўйича тенгсиз экан. У 4 маротаба яққол вазиятда кўкка совурган ва атиги бир гол муаллифи бўлган.

Луис Суарес, швециялик ҳужумчи Маркус Берг ва қизиғи, ҳимоячи бўлатуриб, Матс Ҳуммелс 3тадан қулай вазиятни қўлдан чиқаришган.

АНИҚ ПАСЛАР

Фото: Squawka

Аниқ паслар сони борасида кутилганидек, кучли учликнинг иккитаси испан футболчиларидан ташкил топган. Серхио Рамос 94.8 аниқлик билан 102.3 аниқ пасни амалга оширган бўлса, Иско учинчи ўринда – 92.0. Германиялик Тони Кроос иккинчи ўринни банд этган – 99.3.

Умуман ўнталикда 4 нафар немис футболчисининг ўрин олгани бироз кутилмаган, лекин мантиқли ҳолат. Немислар деярли бутун турнир давомида ҳисобда орқада боришди ва гол уриш учун кўпроқ тўп билан муомала қилишларига тўғри келди.

СЭЙВЛАР

Эссам Эл Ҳадари (Миср) – 6

Фото: Squawka

Мисрликлар гуруҳдан чиқа олишмаган бўлишса-да, охирги учрашувда терма жамоа дарвозасини қўриқлаган 45 ёшли дарвозабон бир ўйинда ўртача амалга оширган сэйвлари бўйича пешқадамга айланиб олди. Саудия Арабистонига қарши ўйинда майдонга чиққан дарвозабон ҳатто пенальтини ҳам қайтарганини таъкидлаш керак.

Ўртача сэйвлар сони бўйича Очоа (Мексика) руйхатда 2-ўринни банд этган бўлса-да, умумий сэйвлар рейтингида у 18 сэйв билан тенгсиз. Иккинчи ўринга кореялик дарвозабон Чо Хюн У чиқиб олди – 17 сэйв. Бу руйхатда атиги 1 сэйв билан Давид де Хеа сўнгги ўринда бораётгани бироз кутилмаган ҳол бўлди.

ТЎПНИ УЗОҚЛАШТИРИШ

Фото: Squawka

Яна бир мисрлик футболчи, ҳимоячи Аҳмад Ҳегази ўз жарима майдонидан тўпни узоқлаштириш борасида етакчи бўлди. «Вест Бромвич» футболчиси 24 маротаба хавфни бартараф этган. Коста-рикалик Жанкарло Гонсалес ҳисобида 23, даниялик Симон Кьер ҳисобида эса, 22 марта шундай очко бор.

Ўртача ҳисобда эса, Колумбия терма жамоаси ҳужумчиси Оскар Мурильо атиги бир ўйинда майдонга тушган бўлсада, 10 маротаба хавфни бартараф қилиб, энг яхши кўрсаткични қайд этди.

Тўпни олиб қўйиш борасида эса, Испания терма жамоаси ва «Реал» ҳимоячиси Начо беш маротаба якка курашга киришган ва барчасида тўпни рақибидан олиб қўйган.

ПЕНАЛЬТИ ИШЛАШ

Фото: Squawka

Топдингиз, Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду 3 ўйинда 2 марта пенальти ишлашга муваффақ бўлган. Яна 15 нафар футболчига нисбатан рақиблар бир маротабадан ўз жарима майдонларида қўполлик ишлатишган.

Рақибга пенальти ишлаб берган ҳимоячилар борасида эса, даниялик Юсуф Полсенга етадиган бўлмади. Аслида ҳужумчи бўлган бу футболчи икки маротаба ўз жамоаси дарвозасига белгиланган пенальтига сабабчи бўлди. Яна 22 футболчи билан 1 мартадан шундай ҳолат юз берган.

Мавзуга оид