Инновацион фаолиятни рағбатлантиришда солиқ имтиёзларининг роли Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши, ҳамда мазкур йилга бағишланган алоҳида дастурнинг қабул қилиниши билан мамлакатимизда инновацион фаолиятни ривожлантириш йўлида катта ишлар бошланди. 

Хорижнинг илғор ва иқтисодий ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганадиган бўлсак, улар тараққиётининг асоси инновацион фаолиятга, тадқиқот ва ишланмалар (Research and Development) билан шуғулланиш ва уларни тижоратлаштиришни рағбатлантиришга алоҳида эътибор берилганида эканлигини кўришимиз мумкин. Давлат томонидан инновацион фаолиятни рағбатлантириш бевосита молиявий кўмак бериш  ва солиқ имтиёзлари шаклида эканини кўришимиз мумкин. Олимларнинг фикрларига кўра, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашда солиқ преференциялари ва имтиёзлари орқали рағбатлантиришнинг аҳамияти бевосита молиялаштиришдан кўра муҳимроқ. Негаки, мазкур рағбатлантириш узоқ муддатли характерга эга бўлади, ҳамда улар нафақат инновацион секторни, балки бошқа ишлаб чиқаришларни интенсив ривожланиши учун шарт-шароит яратади ва бутун миллий иқтисодиётни ўсишини таъминлайди.

Инновацион фаолиятни солиқ имтиёзлари орқали рағбатлантиришни Хитой Халқ Республикаси тажрибасида кўрадиган бўлсак, амалдаги қонунчилик инновацион фаолият билан шуғулланувчи корхоналар учун солиқ солинадиган даромадга нисбатан турли чегирмалар тақдим этади. Бунда мамлакат инновацион фаолият олиб бораётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида, юқори ва янги технологияли корхоналар (High and New Technology Enterprises (HNTE)) дастурини амалга оширмоқда. Илмий-тадқиқот ва ишланмалар бўйича қонунда белгиланган преференцияларга эга бўлиш учун, корхона юқори ва янги технологияли мақомига эга бўлиши керак. ХХР “Корхоналардан олинадиган фойда солиғи тўғрисида”ги қонуни (Corporate Income Tax Law of China) 28-моддасига асосан, юқори ва янги технологияли корхоналарга фойда солиғи қонунчиликда белгиланган ставкадан 15% кам миқдорда белгиланади.

Инновацион фаолиятни солиқлар орқали рағбатлантиришда Япония давлати катта тажрибага эга бўлиб, мазкур фаолиятга 1952 йилдан эътибор бериб келинган. Японияда асосан, илмий жиҳозларга тезлаштирилган амортизациялаш тизими, чет эл технологияларини харид қилиш учун махсус имтиёзлар, илмий-тадқиқот харажатлари учун махсус чегирмалар кўринишида тақдим этилган. Илмий-тадқиқот ва инновацияларга бўлган махсус эътибор туфайли, Япония бугунга келиб дунёнинг саноати ривожланган давлатларидан бирига айланган. Япониянинг Глобал инновация индексида 14-ўринни эгаллаши ҳам бежизга эмас. 

МДҲ давлатларидан Беларусь Республикасида инновацион фаолиятга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Бу мамлакатда инновацион фаолият субъектлари учун турли солиқ имтиёзлари белгиланган. Масалан,  инновацион товарлар ва юқори технологияли товарлар реализациясидан олинган фойда юридик шахслар учун олинадиган фойда солиғидан озод этилган. Шунингдек, ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси, селекция ютуғи, интеграл микросхемалари топологияси, ишлаб чиқариш сирларига (ноу-хау) бўлган мулкий ҳуқуқлар реализацияси бўйича айланмалар қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилинган.