Жаҳон | 17:00 / 01.07.2018
16930
2 дақиқада ўқилади

Учувчининг кичик хатоси полиция ва махсус кучларни оёққа турғизди

Ўтган сешанба куни кечқурун Жон Кеннеди номли халқаро аэропортда полиция ва шошилинч ёрдам кўрсатиш ходимлари 1623-рейсни ўраб олишди. JetBlue Airbus A321 самолёти бортига махсус кучлар кўтарилди. Буларнинг барига диспетчерлар самолётни қўлга олинган деб ҳисоблашгани учун рўй берган, бироқ маълумот хато бўлиб чиққан. 

Самолёт бортида ёвуз кучлар бўлмаган. Тўрт соатдан кейин самолёт парвоз учун шай бўлиб, йўловчиларни Лос-Анжелесга етказиш учун йўл олган. Диспетчерларга самолётнинг қўлга олинганини билдирувчи кодни йўллаган учувчилар рейснинг кечиктирилиши сабабчилари бўлиб чиқишди. Маълум бўлишича, бундай хатога йўл қўйиш осон экан. 

Учувчиларга бортдан диспетчерлик пунктига маълумот узатиш имконини берувчи бир неча код мавжуд. Мулоқотнинг бундай усули тил билан боғлиқ тўсиқларни енгиш имконини беради. Бундан ташқари, у фавқулодда вазиятларда, яъни учувчи овоз орқали маълумотни етказиш имконига эга бўлмаганида айни муддаодир. Фақат кодни териш усули такомиллаштирилмаган.

Самолёт моделига қараб кодлар ё махсус клавиатура, ёки бошқарув панелидаги бурилиш тугмаси ёрдамида терилади. Қуйида кетма-кет келган уч муҳим код билан бўлишамиз:

7500 – самолёт қўлга олинганда ёки олиб қочилганда қўлланувчи код;
7600 – радиоқурилмалар ишламай қолганда қўлланувчи код;
7700 – фавқулодда вазиятга ишора қилувчи умумий код.

JetBlue учувчилари радиоалоқа билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабар қилмоқчи бўлишган, бироқ биргина рақамда адашишган, натижада уларнинг самолёти ўраб олинган. Федерал Авиация Маъмурияти бу маълумотни тасдиқлаган.

Мавзуга оид