Ўзбекистон | 11:50 / 05.07.2018
121921
3 дақиқада ўқилади

Каттақўрғонда гумондор аёлни таҳқирлаган ички ишлар органи ходими бўйича расмий маълумот берилди

4 июль куни интернетда Каттақўрғон милиция бўлимига олиб келинган аёл ечинтирилиб таҳқирлангани тасвирланган видео тарқалди. Бу аёл аввалига бозорда катта миқдорда ўғирлик қилишда гумон қилиниб, маҳкамага олиб келинган ва кейин гумон исботини топмагач, қўйиб юборилган.

Ушбу видеода воқеа 3 июнь куни Самарқанд вилоят Каттақўрғон шаҳар ИИБ биносида бўлиб, аёлни ечинишга мажбурлаган шахс эса ИИБ Жиноят-қидирув бўлими терговчиси Санъат Умаров эканлиги айтилган.

Видеода Санъат Умаров гумондорни ҳақоратлаб, унга бақиради ва сўнгра уни яланғоч ҳолатда кўчага чиқишга мажбурлайди.

«Kun.uz»га маълум қилинишича, Самарқанд вилоят ИИБ томонидан текширув ҳаракатлари ўтказилиб, ноқонуний хатти-ҳаракат қилган ходим Каттақўрғон шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Санъат Сулаймонович Умаров экани аниқланиб, у айни вақтда ички ишлар органлари ходимлари сафидан бўшатилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят прокуратура идоралари томонидан жиноят кодексининг мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш жинояти билан иши қўзғатилган, собиқ ходимга нисбатан суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилоят ИИБ маълумотида воқеа Тергов бўлимида ёки айнан терговчи томонидан содир этилмагани таъкидланган, видеода акс этган бино ҳам Тергов бўлимининг биноси эмас.

«Ҳозирги кунда мазкур иш билан Бош прокурорнинг шахсан ўзи шуғулланмоқда. Умумий ҳолат бўйича хизмат текшируви ҳам бошланган. Тўлиқ у эканлигини билиш учун юзлаштириш, видеодаги овозларни текшириш керак. Чунки унинг юзи кўринмаган. Ҳозирда Умаров ушланган, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланиши масаласи кўриб чиқилмоқда», дея маълумот берган Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Сурайё Раҳмонова.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 206-моддаси ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ҳисобланади. Мазкур жиноятда мансабдор шахс ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган харакатларни қасддан содир этади. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлади. 

Ўша ҳаракат масъул мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, суд томонидан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Мавзуга оид