10:40 / 07.07.2018
28461

Таиландда ғорда қолаётган болалар ота-оналари ва ўқитувчиларига мактуб ёзишди

Таиландда Тхам Луанг ғорида 23 июндан бери қолаётган ўсмирлар футбол жамоасининг 12 аъзоси ва уларнинг 25 ёшли мураббийи қутқарувчилар орқали яқинлари номига ёзилган мактубни ташқарига бериб юборишди.  

Ғорда қутқарув ишларини олиб бораётган жанговар ғаввослар жамоаси дафтарнинг 6 варағида ёзилган мактуб суратини твиттерда жойлаштиришган. 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари 2 ҳафтадан бери ғорга кираверишдаги чодирли лагерда яшашмоқда.

Фото: AP

“Биз яхшимиз, ҳамма соғ, хавотирланманг. Ташқарига чиққанимизда, турфа хил мазали таомлар емоқчимиз. Чиқишимиз билан уйга боришни истамоқдамиз. Ҳурматли ўқитувчилар, бизга кўп топшириқ берманг”, деб ёзганлар болалар биринчи варақда. Болалардан ҳар бири ўзининг аҳволи ҳақида ўз қўли билан бир неча қатор битган. 

Ҳозирда аҳолининг бир қисми томонидан масъулиятсизликда айбланаётган, бир қисми томонидан эса аксинча қаҳрамон сифатида қабул қилинаётган мураббий ҳам бир варақда ўз сўзларини ёзган. 

“Бизни маънан қўллаб-қувватлаётганингиз учун раҳмат. Барча ота-оналардан узр сўрайман. Ғорга сизга ҳеч нарса айтмай борган фарзандларингизни ҳам кечиринг”, деб ёзган мураббий.

 
Posted by Thai NavySEAL on Friday, July 6, 2018

Ёш футболчилар 10 кмлик ғорнинг 5 км ичидаги камерада қолишмоқда. Улар ғорга киравериш жойи сув остида қолгани сабабли ташқарига чиқа олишмаяпти. Қутқарувчилар болаларни қутқариш учун узукун иш олиб боришмоқда.

Фото: AP
Фото: AFP
Фото: Getty Images

Болаларни акваланглар билан ташқарига олиб чиқиш бўйича режалаштирилаётган амалиёт ғаввослардан бири ҳалок бўлгани сабабли қолдирилди. Бироқ шунга қарамай болаларни эвакуация қилишга тайёргарлик давом этмоқда ва қутқарув амалиётини кучли ёмғирлар кутилаётгани ва бунинг натижасида ғордаги сув сатҳи кўтарилиб кетиши мумкинлиги сабабли яқин вақтда ўтказиш мўлжалланмоқда.

Top