Ўзбекистон | 01:28 / 10.07.2018
7403
3 дақиқада ўқилади

E-VISA.UZ тақдимоти бўлиб ўтди: устувор жиҳатлар қайд этилди

9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персонализация маркази билан ҳамкорликда E-VISA.UZ кириш электрон визаларини бериш тизимининг тақдимоти ўтказилди. KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва мамлакатнинг хусусий туристик ташкилотлари иштирок этишган.

Тақдимотнинг асосий мақсади туристик фаолият субъектларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори, шунингдек E-VISA.UZ кириш электрон визаларини бериш тизими (e-visa.gov.uz сайти)нинг устувор жиҳатлари ва ундан фойдаланиш тартиби билан таништиришдан иборат бўлди.

Тадбир аввалида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар, шу жумладан хориж фуқароларининг Ўзбекистонга кириш тартибини такомиллаштириш, расмий жараёнларнинг соддалаштирилишига алоҳида тўхталиб ўтди.

E-VISA.UZ тизимининг устувор жиҳатлари қайд этилди:

  • хориж фуқароларининг кириш визаларини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига, консуллик идораларига мажбурий мурожаатини бекор қилиш;
  • хориж фуқароларининг кириш визасини олишга доир мурожаатини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш;
  • республикага киришга доир рухсатнома ҳужжатини расмийлаштиришда замонавий ахборот-коммуникацион технологиялардан фойдаланиш.

Давлат персонализация маркази мутахассислари томонидан E-VISA.UZ кириш электрон визаларини бериш тизими тақдимоти ўтказилди, тадбир иштирокчилари электрон визани расмийлаштириш, бериш, фойдаланиш тартиби билан таништирилди. Тизимни ишлаб чиқишда қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилгани алоҳида қайд этилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат персонализация маркази вакиллари тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Хусусий туристик ташкилотлар вакиллари янги тизимни янада такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсиялар билдиришди. Ташкилотчилар улар албатта инобатга олиниши ва тизим хорижий сайёҳлар ҳамда маҳаллий туроператорларга қулай бўлишига қаратилган янгиланишлар билан таъминланиб боришини таъкидлашди.

Мавзуга оид