Жамият | 09:50 / 10.07.2018
65230
2 дақиқада ўқилади

«Малика» савдо мажмуасида пичоқбозлик бўйича расмий маълумот берилди, ҳужум қилган харидор 5 йилга қамалиши мумкин

8 июль куни интернетда Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани ҳудудидаги «Малика» савдо мажмуасида пичоқбозлик рўй бергани ҳақида видеохабар тарқалганди. Тошкент шаҳар ИИББ сайтида бу ҳақда нисбатан батафсил ахборот берилди.

Кеча, 8 июль куни, соат тахминан 17:30 да Шайхонтоҳур тумани «Малика» савдо мажмуаси ҳудудида сотувчи, 1988 йилда туғилган Н.А. ҳамда харидор, 1989 йилда таваллуд топган А.Ш. ўртасида келишмовчилик юзага келди. Натижада муқаддам судланган А.Ш. сотувчининг кўкрак қисмига тан жароҳати етказади ва ўзининг Nexia автомашинасида воқеа жойидан қочиб кетди. Жароҳат олган сотувчига Юнусобод туманидаги 7-шаҳар клиник шифохонасида тиббий ёрдам кўрсатилди.

Тезкор-суриштирув ишлари натижасида гумонланувчининг шахси ва бошқарувида бўлган автомобиль давлат рақами аниқланди. Ҳозирда гумондор қўлга олинган.

Айбланувчининг сўзларига кўра, ўзаро жанжал сотувчи ва унинг опаси ўртасида келиб чиққан. Ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси («Безорилик»), 2-қисми «в» банди бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу модда бўйича энг оғир жазо беш йилгача озодликдан маҳрум этиш ҳисобланади.

Мавзуга оид