Light | 16:40 / 13.07.2018
28232
9 дақиқада ўқилади

Автоҳаваскорларга жазирамани енгишда асқатадиган 10 маслаҳат

Фото: Cartimes

Ёзда печкани нега ёқиш кераклиги, битум доғларидан қандай қилиб тезда халос бўлиш ва машинани нега бот-бот ювиб туриш кераклигини билиб оласиз.

Фавқулодда жазирама — автомобиллар учун қаҳратон қишнинг чилласидек кескин синов ҳисобланади. Юқори ҳароратдан асфальтлар эрийди, машина капоти шу қадар қизийдики, ҳаттоки унинг устига тухум чақиб, қуймоқ пишириш мумкин. Машинанинг кутилмаганда бузилиши ва ёзнинг жазирамасида жон сақлаш учун «Лайфхакер» ўз маслаҳатларини беради.

1. Совутиш тизимини кўздан кечиринг

Фото: autoguru.com.au

Агар тизимни техник хизмат кўрсатиш кўригидан ўтказмаган бўлсангиз, буни чўзишга ҳожат қолмаган. Кенгайтирувчи бачокда, албатта, антифриз сатҳини текширинг. Зарурият туғилганда белгиланган сатҳларга қараб суюқлик қуйиб юринг. Фақат куйиб қолмаслик учун бу ишни двигатель совуганда амалга оширинг.

Барча патрубкалар ва радиаторни текшириб, суюқлиқ оқмаётганига ишонч ҳосил қилинг. Ёдда тутинг, совутувчи суюқликнинг ҳам чекланган, амал қилиш муддати бор ва маркасига қараб икки йилдан 5 йилгача муддатни ёки 20 мингдан 40 минг километр йўлни қамраб олади. Вақт ўтиши билан у ифлосланади ва ўз хоссасини йўқотади. Агар антфризни сўнгги марта қачон алмаштирганингизни эслай олмасангиз, эскисидан тезроқ қутилиб, янгисини қўйиб олганингиз маъқул.

Қизитилган двигателда радиаторнинг вентилятори ишлаётганига ҳам ишонч ҳосил қилинг. Агар у ишламаётган бўлса, автоэлектрикка мурожаат қилиб, носозликни бартараф этинг. Акс ҳолда кичик тезликларда ёки тирбандликларда қолиб кетганда — совутиш учун ҳавонинг оқиб кириши етарли бўлмаганида антфризнинг қайнаши эҳтимоли ошади.

2. Машинани тез-тез ювинг

Скриншот: viqeo.tv

Ёзда лойқа ва лой камроқ бўлишига қарамасдан, йилнинг бошқа фаслига нисбатан машина кўпроқ ювиб турилиши керак. Камида ҳафтасига бир марта, яхшиси икки марта. Гап шундаки, бирор жойда машина қолдирилгач, чанг ғуборлари ва қушларнинг тезаги тушиб, машина бўёғининг нотекис куйишига сабаб бўлади ва кузовда доғлар пайдо қилади. Тоза автомобиль (Тўқ туслиси ҳам) қуёш нурларини яхши қайтаради ва шу йўл билан лок-бўёқ қопламасига салбий таъсирни камайтиради.                                        

3. Радиаторни кирдан тозаланг

Скриншот: viqeo.tv

Двигатель ва кондиционер радиаторини тоза тутишни асло унутманг. Ҳаракат мобайнида унга чанг, ўсимликлар тивити, чивин ва ҳашоратлар ва бошқа чиқиндилар кириб қолади ва юпқа уячаларни тўлдириб, совутишни қийинлаштиради. Радиаторни вақти-вақти билан тозалаб, уни доим тоза тутиб юришни одат қилиш керак. Тозалаш учун юқори босимли ювиш аппаратидан фойдаланиш керак ва унчалик кучли бўлмаган оқим билан двигатель тарафдан — ифлос нарсаларни ташқарига чиқадиган қилиб тозалаш керак. Ифлосланиш даражаси у қадар кўп бўлмаганида уячаларни қисилган ҳаво билан пуфлаб юбориш мумкин.

4. Двигатель «қайнаб» кетса, асло саросимага тушманг

Скриншот: viqeo.tv

Агар ҳарорат стрелкаси қизил зонага борса ва капот остидан буғ уриб чиқса, қўрқиб кетмаслик керак. Бунинг учун печкани иссиқликни ўзига олиши ва совутувчи суюқликнинг ҳароратини тушириш учун максимумга ёқиб қўйинг. Кейин дарҳол тўхтанг ёки кичик айланмаларда ҳаракатни давом эттириб тўхташ учун жой қидиринг.

Двигателни ўчиринг, лекин радиатор парраги айланиб туриши учун ўт олдиришни ўчирманг. Мотор бўлмасидан чиқаётган буғда куйиб қолмаслик учун қўлқоплар ёки латта ёрдамида капотни секин очинг. Бир неча дақиқа кутиб туриб, ортиқча босимдан қутилиш учун эҳтиёткорлик билан кенгайтирувчи бачок қопқоғини очинг.

Двигатель совугач муаммони бартараф этиш учун яқинроқдаги автосервисга йўл олинг, бунда совутувчи суюқлик сатҳини кўтариб олинг. Идеал ҳолатда худди ўша антифриз бўлса яхши, лекин қўл остингизда антифриз бўлмаса дистилланган сув қуйиш мумкин. Ҳеч топилмаса оддий сув ҳам бўлаверади, бироқ бундан кейин антфризни имкон қадар тезроқ алмаштиришга тўғри келади.

5. Салонни қуёшдан ҳимояланг

Скриншот: viqeo.tv

Машина автомобиллар тўхташ жойида узоқ вақт қуёшнинг тиғида қолиб кетади. Қандайдир ярим соат ичида машина салони ичидаги ҳарорат 50-60 °С га етади ва уни духовкага айлантиради. Прибор панели пластиги қизиб, ёрилиши мумкин, чарм қисмлар қуриб, ўз кўринишини йўқотади. Оддий матодан қилинган қопламалар ҳам қуёш нурлари остида ўз тусини йўқотади.

Салонда ёндиргич чақмоқ, телефон ва аккумуляторга эга бошқа электрон гаджетларни қолдирманг, улар қизиб кетиб, ёнғинга сабаб бўлиши мумкин.

Қизишни сусайтириш ва қопламаларнинг куйиб кетишидан олд ойналар учун махсус нур қайтарувчи экранлар сақлаши мумкин. Улар сўрғич ёпишмалар ёрдамида осонгина ўрнатилади ва қуёш нурларининг салонга тушишидан асрайди ва ҳароратни 10 даражага пасайтиради.

6. Рул ҳақида ҳам ўйланг

Скриншот: viqeo.tv

Агар машина олд ойна остида нур қайтарувчи экрансиз узоқ вақт офтобда турса, рул шу қадар қизийдики, уни очиқ қўл билан ушлашнинг имкони бўлмай қолади. Бу ёқимсиз ҳолатдан осонгина қутилиш мумкин. Машинани автотураргоҳда қолдиришдан аввал рулни 180 даражага буриб қўйиш керак бўлади. Натижада рулнинг пастки қисми қизийди ва кўпинча қўл билан ушланадиган юқори қисми совуқлигича қолади.

7. Ҳайдашга шошилманг

Скриншот: viqeo.tv

Қизиб ётган салонга ўтириш — ёқимсиз. Шунинг учун йўлга тушишдан аввал салонни бироз шамоллатинг. Бунинг учун машина деразалари ва эшикларини 1-2 дақиқага очиқ қолдиринг ва ичкаридаги ҳарорат ташқаридаги ҳарорат билан тенглашиб олишини кутинг.

Кондиционерли ва иқлим назоратига эга автомашиналар эгалари ҳам шундай ҳаракат қилишгани маъқул. Ёки совутишни дарҳол максимумга қўймаслик керак. Акс ҳолда ҳароратлар ўртасидаги катта фарқ туфайли олд ойнага йўналтирилган совуқ ҳаво оқими ойнанинг дарз кетишига сабаб бўлиши мумкин.

8. Сачраган битум доғларидан қутилинг

Скриншот: viqeo.tv

Жазираманинг ёқимсиз оқибатларидан бири — қизиб ётган асфальт узра сайрдан сўнг диск, қанотлар ва эшикларда пайдо бўладиган битум доғларидир. Бахтга кўра, уларни алоҳида бир маҳоратсиз бартараф этиш мумкин. Осони — бу муаммо билан автомобилларни ювиш даргоҳига мурожаат қилиш, бироқ ўз кучингизни ишга солсангиз ҳам бўлади.

Кузовни тозалаш учун битум доғларини кетказадиган спрейлардан фойдаланилади. Таркиб ифлосланган жойга сепилади ва 1-2 дақиқа кутилади ва тоза губка билан ювилади. Агар қўл остингизда махсус восита бўлмаса, оддий спирт ёки керосиндан фойдаланиш мумкин. Улар битумни эритади ва кузовни тозалашда асқатади. Асосийси — лок қопламаси хиралашиб қолмаслиги учун доғларни юмшоқ губка билан 20-25 ортиқ вақт артмаслик керак.

9. Машинада совуқ сув захирасини сақланг

Скриншот: viqeo.tv

Машинада ҳар доим сув идиши бўлиши кераклигини ҳамма билади. Уни ҳар доим совутилган ҳолда сақлашни эса ҳамма ҳам билмайди. Кондиционер ёки иқлим назорати ўрнатилган деярли барча машиналарда махсус заслонка бўлиб, совуқ ҳаво оқимини бардачокка йўналтиради ва уни ўзига хос сув сақлайдиган совуткичга айлантиради. Заслонка бардачокнинг ички деворларидан бирида жойлашган бўлиб, уни бураш ёки силжитиш билан ниятга етиш мумкин.

10. Ичимликларни қўлбола воситалар билан очинг

Агар қўл остингизда шиша идишларни очиш учун ишлатиладиган очқич бўлмаса машинадаги нарсалардан фойдаланиш мумкин. Масалан, газланган сув ёки лимонадни хавфсизлик камарининг металл учи билан очиш мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид