АҚШ адлия вазирлиги Россия разведка бош бошқармасининг 12 ходимини миллий демократик қўмита, АҚШ демократик партиясининг конгрессга сайловлар бўйича қўмитаси, президентликка номзод Хиллари Клинтоннинг сайлов штаби серверларини бузиб киришди ва хакерлардан олинган маълумотларни эълон қилишда айблади. Бу ҳақда ВВС хабар бермоқда.
Махсус прокурор Роберт Мюллернинг вакиллари эълон қилган ҳисоботда барча айбланувчиларнинг исм-шарифлари келтирилган бўлиб, улар разведка бош бошқармасининг 26165 ва 74455 қисмлари офицерлари бўлишган.
Серверларни қандай бузишган
Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2016 йилда разведка бошқармаси вакиллари Клинтон штаби кўнгиллилари ва ходимлари, шунингдек сайлов кампанияси раҳбарининг компьютерларини бузиб кириш бўйича махсус операция бошлашган.
Россия махсус хизмати вакиллари штабнинг кўплаб ходимларининг исмлари ва паролларига эга бўлишган ҳамда уларнинг электрон почталаридаги маълумотларни қўлга киритишга эришишган. Улар миллий демократик қўмита ва АҚШ демократик партиясининг конгрессга сайловлар бўйича қўмитасининг ички компьютер тармоғини буза олишган.
Россиялик разведкачилар ўнлаб ходимларнинг компьютерларини масофадан туриб кузатиш ва улардаги ҳужжат ва электрон мактубларни ўқиш имконини қўлга киритишган.
Қандай чоп этишган
Разведка бош бошқармасининг ҳар икки қисми вакиллари 2016 йилги президентлик сайлови кампаниясига таъсир кўрсатиш мақсадида ўғирланган ҳужжатларни чоп этиш билан ҳам шуғулланишган, дейилади ҳисоботда.
Улар DCLeaks.com доменини рўйхатдан ўтказишган ва ўғирланган ҳужжатларни мана шу ресурс орқали эълон қилиб боришган. Улар ўзларини "америкалик хакер-фаоллар" деб аташган ва ресурсни танитиш учун "Твиттер" ва "Фейсбук"да сохта профиллардан фойдаланишган.
Айблов маълумотларига кўра, россиялик разведкачи хакерлар сайловлар бўйича штатлар қўмиталари, штатлар котиблари, сайловлар учун дастур ишлаб чиқарувчи компаниялар комьютерларига ҳам киришнинг уддасидан чиқишган.
Қўлга тушмаслик ва фош бўлмаслик учун разведка бошқармаси ходимлари сохта ҳужжатлардан фойдаланиб ўзларини турли мамлакатлар фуқаролари деб таништиришган. Улар криптовалюталар ёрдамида тўловларни амалга оширишган, биткоин йиғишган, шу тарзда маблағларнинг келиб чиқиш манбасини яширишган.

















