Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Фейсбук»даги саҳифасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар йирик коррупцион схемага чек қўйгани ҳақидаги лавҳа эълон қилинди.

Мазкур лавҳа «Ахборот-24» дастурида ҳам намойиш этилди. Қўзғатилган жиноят ишларидан бирининг фигуранти Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилган Туробжон Жўраевдир.

Лавҳада президент Шавкат Мирзиёев лавозимига киришганидан сўнг энг биринчи имзолаган қонунларидан бири «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» бўлганига урғу берилди.

Президент мансабдорлар ва ҳокимият вакиллари қандай ишлаши кераклигини бот-бот такрорлаётганига қарамасдан мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар бартараф этилмаётганига лавҳада урғу берилган.

Президентимиз фаолиятининг дастлабки кунларида «Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз — муаммони тик қарши олиш, уларни ҳал қилиш, адолатни таъминлаш, бошбошдоқлик ва коррупцияга чек қўйиш, инсонлар ҳаётини яхшилашдир», деган эди.

Лавҳада Самарқанд вилоят ҳокими лавозимида ишлаб келган Туробжон Жўраев ўзининг шахсий манфаатлари йўлида президент ишончини суиистеъмол қилгани қаттиқ қоралаб ўтилди.

У муаммоларни жойида ҳал этиш, вилоят аҳолисига ёрдам кўрсатиш ўрнига пора олишнинг бутун бир вертикал тизимини яратгани ошкор қилинди.

Тергов-суриштирув ишлари давомида Туробжон Жўраевнинг ўзи бу борада бирор нарсани инкор этмаган.

Вилоят ҳокимлигида ишловчи лавозимдор шахслар — ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Абдуллаев, қурилиш ишлари бўйича мутахассис — Баҳодир Хўжақулов ва вилоят ҳокимининг ёрдамчиси — Ботир Абдуллаев ҳам мазкур жиноий ишга алоқадор ҳисобланмоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоят ҳокимлигида турар жойлар қуриш учун рухсатнома бериш, ер участкаларини тақсимлашда ўзига хос «ставка» жорий этилган.

Ноқонуний йўл билан топилган барча мол-мулк ва моддий бойликлар рўйхатга олинган. Барча фактлар бўйича жиноий иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбланувчилар ҳибсга олинган.