Спорт | 14:00 / 18.07.2018
13464
2 дақиқада ўқилади

Ташкилий қўмита: «Қатарнинг консерватив қонунлари ЖЧ-2022нинг ёрқин ўтишига тўсиқ бўлмайди»

Фото: Getty Images

Қатардаги қатъий қонун-қоидалар ва аҳлоқ нормалари 2022 йилги Жаҳон чемпионатининг ёрқин ўтишига ҳалақит бермайди. Бу ҳақда ЖЧ-2022 ташкилий қўмитасининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Фатма Ал-Найми ТАССга маълум қилди.

«Мамлакатнинг консерватив турмуш тарзи ва аҳлоқ нормалари Жаҳон чемпионатини ўтказиш ва турли мамлакатдан ташриф буюрадиган мухлисларнинг бемалол хурсандчилик қилишларига тўсиқ бўлмайди. Биз бир қатор махсус зоналар бўйича лойиҳа ишлаб чиққанмиз. Бундай зоналар ишқибозларларнинг ўйин вақтида ва ўйиндан кейинги ҳис-ҳаяжонга тўла вақтичоғликларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.

Биз, шунингдек, мухлислар учун шаҳарнинг диний аҳамиятга эга жойлари ва тарихий туманларидаги асосий хулқ-атвор қоидалари акс этган махсус эслатмалар тайёрлаймиз. Кўнгилочар тадбирларга келсак, ташкилий қўмита аъзоси сифатида айтишим мумкинки, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос менталитетини ҳисобга олган ҳолда дастурлар ишлаб чиқамиз», - деди Ал-Найми.

Кейинги мундиал 2022 йилнинг 21 ноябридан 18 декабрига қадар бўлган муддатда ўтказилади. Унга Қатарнинг 7та шаҳри мезбонлик қилади.

Мавзуга оид