Спорт | 13:25 / 21.07.2018
13535
2 дақиқада ўқилади

Аргентинада Сампаоли ва футболчилар ўртасидаги можаро тафсилотлари ошкор қилинди

Фото: Getty Images

Аргентиналик журналист ва шарҳловчи Ариэль Сеносян «Мундиал ҳикоялари» номли китобида собиқ бош мураббий Хорхе Сампаоли ва футболчилар ўртасида юзага келган можаро тафсилотларини ёзди.

Хусусан, журналист ЖЧ-2018 гуруҳ босқичидан ўрин олган Хорватияга (0:3) қарши ўйиндан сўнг, кийиниш хонасида юз берган воқеани ошкор қилди.

Футболчилар мураббий ва унинг ёрдамчиларини ўраб олиб, унга эътироз билдира бошлашган. Уларнинг номидан Хавьер Маскерано ва Лионель Месси гапирган.

– Биздан нимани истайсан, тушунмаяпмиз. Энди сенга ишонмаймиз ва ўз фикримизга эга бўлишни истаймиз, — деди футболчилар.

– Нима ҳақидаги фикр? — жавоб берди Сампаоли.

– Ҳамма нарса ҳақидаги.

– Демак, энди таркибни ўзларингиз танлайсизлар, машғулот режасини тузасизлар ва бошқа ишларни қиласизлар, шундайми?

– Сен мендан асосий таркибда кимни тушириш ҳақида ўн марталаб сўрагансан, аммо бирор исмни айтмаганман. Ҳамманинг олдида жавоб бер, сенга бирор исмни айтдимми? — деди Лионель Месси.

Шундан сўнг, кийиниш хонасида бўлган Аргентина футбол уюшмаси президенти Клаудио Тапиа Сампаолига: «Тан олишинг ва таслим бўлишинг керак» - деган.

Эслатиб ўтамиз, Аргентина терма жамоаси жаҳон чемпионати 1/8 финалигача етиб бориб, Францияга 3:4 ҳисобида ютқазган, мусобақадан сўнг, Хорхе Сампаоли лавозимини тарк этган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид