Жорий йилда Ўзбекистон Афғонистонга 153 миллион долларга тенг миқдорда электроэнергия етказиб беришни режалаштирмоқда, деб баёнот берди «Ўзбекэнерго» бошқарув раиси ўринбосари Шуҳрат Шералиев. 

Фото: Халқаро Пресс-клуб

«Ўзбекэнерго» минтақавий ҳамкорлик масаласи, шу жумладан ушбу жараёнда Афғонистон Республикасининг иштирокига катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон 2002 йилдан буён Афғонистоннинг шимолий ҳудудларига (Кобул, Мозори-Шариф ва Ҳайратон) электроэнергия етказиб келмоқда. 2017 йил декабрь ойида эса Афғонистон томони билан жорий йилда 2 млрд кВт/с  - 153 миллион доллар миқдордаги энергия етказиб бериш бўйича келишув имзоланган», – дейди Шералиев.

Афғон томонидан энергияга бўлган талабнинг ўсиб бориши инобатга олиниб, Ўзбекистон қуввати 500 кВ бўлган «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилишини бошлаган. Тахминан 250 км узунликдаги электр узатиш линиясини қуриб битказиш деярли 150 миллион долларга баҳоланмоқда. Лойиҳа ишга тушиши билан электроэнергияни экспорт қилиш ҳажми йилига 8 млрд кВт соатга ошиши мумкин.