2018-2019 ўқув йилидан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт суммасининг оширилиши (Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг 2018 йил 4 июлдаги 2-сонли баённомаси иловасига биноан, янги ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларида таълим йўналишлари бўйича бир нафар талабани тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қиймати миқдори 8 миллион 293 минг 500 сўмдан 11 миллион 58 минг сўмгача этиб белгиланди) ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди, деб ёзади «Маърифат» нашри.
Шундан сўнг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий веб саҳифаси ҳамда «телеграм» каналида масалага шарҳ берилди. Шарҳда келтирилишича, олий таълим муассасаларида ўқитиш харажатларининг асосий қисми, яъни 91 фоизи иш ҳақи ва стипендия тўловлари учун сарфланади. Шу жиҳатдан тўлов-шартнома асосида ўқитиш қиймати республикадаги энг кам иш ҳақи миқдорига боғланди. Жорий йил 15 июлдан республикада иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 7 фоизга, 1 сентябрдан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг ойлик маоши ўртача 25 фоизга оширилганини қисман қоплаш лозимлиги, акс ҳолда, ўқув йили якунига келиб, олий таълим муассасалари бюджетида тақчиллик кузатилиши ҳам ҳисобга олингани таъкидланди. Бир нафар талабани ўқитишнинг ўртача харажати 10,5 миллион сўмни ташкил этиб, тўлов-контракт суммаси ўртача 8,7 миллион сўм этиб белгиланди.
Кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган жиҳат тўлов-шартнома пулининг даромадларга номутаносиблигидир. Сал аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаев тўлов-шартнома пулини камайтириш бўйича ўзига хос таклиф билан чиққан эди.
— Таклифимизга кўра, бакалавриат таълим йўналишлари бўйича белгиланган квотадаги 69200 ўриннинг энг юқори бални қўлга киритган биринчи 12 фоизи тўлиқ давлат гранти асосида, кейинги 12 фоизи 45 фоизли тўлов-шартнома асосида, кейинги 12 фоизи 60 фоизли тўлов-шартнома асосида, кейинги 12 фоизи 85 фоизли тўлов-шартнома асосида, қолган 52 фоизи эса тўлиқ (100 фоизли) тўлов-шартнома асосида таълим олсин, — дейди депутатлар. — Натижада ўн мингга яқин талабага тўлов-шартнома суммасини тўлашда икки баробаргача енгиллик яратилади, қўлга киритилган балга нисбатан рағбатлантириш кучаяди. Ва ниҳоят, молиячилар учун энг муҳим бўлгани, амалдагидан тахминан 1,8 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ келиб тушади. Бу маблағ эвазига ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга ёрдам кўрсатиш ҳам мумкин.
Иккинчидан, амалдаги тартибга кўра, тўлов-шартнома пули ҳисобидан талабага стипендия тўланади. Агар шартнома пули тўлиқ тўланмаган бўлса, талабага стипендия берилмайди. Ваҳоланки, стипендия талабаларни ижтимоий ҳимоялаш учун белгиланади. Депутатлар тўлов юкини камайтириш учун талабага ёз ойлари стипендия бермасликни, шу ойлар учун белгиланган стипендия миқдоридаги суммани контракт пулидан чегириб ташлашни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, стипендия амалдаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида тўланса, шартнома суммасини 1,7 миллион сўм ёки 5,3 миллион сўмгача қисқартириш имконияти туғилади. Содда қилиб айтганда, талаба бермайди ҳам, олмайди ҳам. Бунда давлат бюджети ҳеч қандай зарар кўрмайди.

















