2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича Йўл харитаси лойиҳасида таълим ва инсон капиталини ривожлантириш соҳасида шу ва бошқа чора-тадбирлар назарда тутилган. Norma шу ҳақда шарҳ эълон қилди.
 
Мактабдаги таълим

Мактаб таълимида замонавий таълим дастурлари, smart-технологиялар ва e-learning тизимини фаол жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу режаларни амалга ошириш учун электрон онлайн-модуллар ва масофали таълим дастурларини шакллантириш талаб этилади.

Маълумот учун:

Smart-технологиялар – мақсадларни қўйишга замонавий ёндашув бўлиб, дастлабки босқичдаёқ мавжуд барча ахборотни умумлаштириш, мақбул иш муддатларини тайинлаш, ресурслар етарлилигини белгилаш, шунингдек жараённинг барча иштирокчиларига аниқ ва тушунарли вазифалар бериш имконини яратади. Замонавий Smart-таълимнинг муҳим жиҳатлари мослашувчан ва очиқ таълим муҳити яратилишини: гаджетлардан фойдаланиш, очиқ таълим ресурслари, бошқарув тизимини тақозо этади. 
 
Е-learning тизими – янги ахборот ва телекоммуникация технологиялари ёрдамида билим бериш ва таълим жараёнини бошқариш. Электрон таълим жараёнида ахборот етказишнинг интерактив электрон воситаларидан, кўпинча Интернет ва компанияларнинг корпоратив тармоқларидан фойдаланилади, бироқ бошқа усуллар, масалан, компакт-дисклар ҳам истисно қилинмайди. Электрон таълим тизими дастурий ва аппарат ечимларидан ташкил топади. У ўқув контенти ва таълимни мониторинг қилиш тизимини ўз ичига олган махсус маълумотлар базаси мавжуд бўлишини тақозо этади.  

Узлуксиз мактабдан ташқари (қўшимча) таълим тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида ўқув марказлари, қўшимча таълим бериладиган тўгаракларга қатновчи болалар сони кўпаяди.  

Ногиронлиги бўлган болаларнинг бир хилда таълим олишини таъминлаш учун инклюзив таълим ривожлантирилади. Ушбу йўналишда ўқув муассасалари биноларида кўтариш қурилмалари, пандуслар, санитария хоналарида махсус мосламалар ўрнатиш, тутқичлар, махсус парталар, столлар ва бошқа махсус компенсатор воситалар билан жиҳозлаш воситасида «тўсиқсиз муҳит» яратишга доир чора-тадбирлар комплекси амалга оширилиши лозим. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган болаларни интеграцияланган ўқитиш дастурлари яратилади. Кадрлар масаласи ҳам ҳал этилиши керак: мактаблар дефектолог педагоглар, болаларни руҳий-педагогик жиҳатдан кузатувчи мутахассислар билан таъминланади.