Тошкентда “Уч шаҳар” мажмуаси қурилади, иккита ёдгорлик ўрнатилади ва Иккинчи жаҳон уруши ҳақида иккита фильм суратга олинади. Бунинг учун 160 миллион доллар сарфланади.
Хусусан, “Уч шаҳар” мажмуаси “Халқ дипломатияси шаҳри”, “Этношаҳар” ва “Киношаҳар”дан ташкил топади. Мазкур лойиҳа уч босқичда олиб борилиб, сўнггиси 2021 йилда якунланади, деб ёзмоқда “Халқ сўзи” нашри.
Қайд этилишича, бу лойиҳа “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори асосида тасдиқланган “йўл харитаси”га киритилган.
“Уч шаҳар”
Мажмуа Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти, лекин пойтахт чегарасига жуда яқин ҳудудда жойлашади. Майдони камида 100 гектарни ташкил этади ва вақтинчалик фойдаланиш учун берилади, шундан 49 йили имтиёзли асосда бўлади.
Биринчи босқич – 2019 йил 1 сентябригача. 18 миллион доллар йўналтирилади.
“Халқ дипломатияси шаҳри”: олтита маданият маркази, Президентлар аллеяси, Буюк Ипак йўли кўчаси, сунъий тоғли ва қатор-қатор шаршарали шоирлар боғи, очиқ осмон остидаги музей, “Севишганлар боғи”, кафе ва ресторан.
“Этношаҳар”: Амир Темур саройи хиёбони, фавворалари ва боғи билан, олтита этноҳовли, кафе ва ресторан, сувенир расталари, эски кўчалар, минора, шаҳар дарвозаси мажмуаси.
“Киношаҳар”: суратга олиш учун павильон, киномаҳалла, бизнес-марказ, хиёбон ҳудуди ва бошқалар.
Иккинчи босқич: 2020 йилнинг 1 сентябригача. 82 миллион йўналтирилади.
“Халқ дипломатияси шаҳри”: тўққизта маданият маркази, очиқ концерт зали, кўргазма мажмуаси, кафе ва ресторанлар, меҳмонхона, тўртта музейли музей майдони, кинематография маркази.
“Этношаҳар”: 13 та этносарой, иккита меҳмонхона, 10 та кафе ва ресторан, 20 та сувенирлар растаси, “Лаби Ҳовуз” эски кўчалари мажмуаси, иккита этномеҳмонхона, Улуғбек расадхонаси, бешта ўтов, иккита минора, учта шаҳар дарвозаси ва бошқалар.
“Киношаҳар”: меҳмонхона, тўртта павильон, бизнес марказнинг иккита блоки, киномаҳалла (20 та вилла, 200 та таунхаус, 75 хонали кўп квартирали тураржой), киноакадемия, супермаркет, хусусий мактаб ва боғча, стадион, хиёбон ва бошқалар.

















