«OLTIN ASR SERVIS» масъулияти чекланган жамияти ижодий маркази муассислигидаги «OLTIN ASR» журнали 2017 йилдан буён нашр этилаётган бўлиб, журнал фаолияти наинки бугунги кун талабларига, балки журналистика норма ва этикаларига ҳам мутлақо жавоб бермайди. Шу пайтга қадар нашрдан чиққан ҳар бир сонида юзлаб имловий хатоларга йўл қўйиш учун журналист ёки ношир қанчалик «юксак маҳорат»га эга бўлиши керак?! Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан журналнинг ҳар бир сонидаги хатолар юзасидан огоҳлантириш ва тақдимномалар берилган бўлса-да, кейинги сонларида бундан ҳам қўпол, янги-янги хатоларга йўл қўйишни қандай изоҳлаш мумкин, деб хабар бермоқда агентлик ахборот хизмати.

Аслида босма нашр, хусусан, журналлар ҳамиша аҳолининг саводхонлиги, билим ва савиясини юксалтиришга хизмат қилиб келган. Аммо «OLTIN ASR» журнали ўз ўқувчилари ва обуначилари олдидаги бундай масъулиятни унутган кўринади. Журнални қўлга олишингиз биланоқ хатоларга кўзингиз тушади. Муқованинг ўзиёқ журналнинг ички саҳифаларида сизни нималар кутаётгани ҳақида огоҳлантириш бергандек бўлади.

Журналдаги хатолар муқовадан бошланади.
Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги.
Журналнинг 2017 йил 5-сон, 2-саҳифаси
Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги.

Албатта, шу пайтга қадар 10 га яқин сонини нашр этишга улгурган журнал муаллифларининг ҳар бир хатосини санаб чиқишнинг имкони йўқ. Аммо мисол тариқасида 2018 йилда чоп этилган 3-сонини таҳлил этиш кифоя. Муқовада оммавий ахборот воситалари сўзлари қўштирноққа олиниб, «27-июн Ўзбекистон «оммавий ахборот воситалари» ходимларининг касб байрами!..» шаклида ёзилган. Аслида, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни эмасми? Ёки 40-саҳифадаги «Кўнгил очар боғга марҳабо» («Кўнгилочар боққа марҳабо!») сарлавҳаси остида берилган материалда «тасарруф» – «таъссарруф», «замонавий» – «замонваий», «аттракцион» – «атракцион», «албатта» – «албатда», «унутманг» – «унитманг» каби кўплаб имло хатолари учрайди. Ҳатто журнал ҳақидаги  маълумотлар ҳам имловий ва мантиқий хатолар билан берилган: «Тассисчи:» (Таъсисчи), «Саҳифаловчи Дизайнер» (Саҳифаловчи дизайнер), «Мусаҳҳих» (Мусаҳҳиҳ), «маротоба» (маротаба), «оргинал» (оригинал) ва ҳоказо. Бундан ташқари, айрим мақолалар сарлавҳаси ва матнлар айнан такрорланган, материалларнинг мазмуни ва сарлавҳаси бир хил, матнида фақатгина жой номлари, исмлар ва рақамлар ўзгартирилган, холос.