Airbnb уй-жой ижара сервиси - энг қиммат хусусий компаниялардан бири ҳисобланади. Унга 2008 йилнинг август ойида Брайан Чески, Жо Габбиа ва Нейтан Блечарзик томонидан асос солинган. Компаниянинг Сан-Францискодан ташқари, Барселона, Берлин, Гамбург, Копенгаген, Лондон, Милан, Париж, Сан-Паулу, Сингапур ва Сидней каби шаҳарларда штаб-квартиралари жойлашган. Айни дамда компания 31 миллиард долларга баҳоланмоқда. Қуйидаги мақолада компания асосчилари хусусиятларига бағишланган, “Бомбора” нашриёти томонидан чоп этилган Ли Галлахер китобидаги бобдан парча келтирилади.
1-боб. Топқирлик
“Сенга бир нарсани айтишим керак. Бир куни биз шундай компания яратамизки, у ҳақида китоб ёзадилар” – Жо Геббиа.

Фото: GoSee
Airbnb’нинг пайдо бўлиш тарихи Кремний водийсининггина меросига айлангани йўқ. 2007 йилнинг октябрь ойида Дизайн мактабининг икки нафар ишсиз битирувчиси Сан-Францискода тўрт хонали хонадонда ижарада яшарди. Ижара учун пул ишлаб топиш мақсадида, шаҳардаги меҳмонхоналарда жой етмагани сабаб дўстлар дастур лойиҳаловчиларининг йирик конференцияга келганларини уйларидаги шишириладиган матрасларда тунашга таклиф қилишди.
Муайян доираларда бу воқеа афсона мақомига эга бўлди.
Airbnb тарихи аслида бундан анча йил олдин 2004 йилнинг ёз фаслида Сан-Францискодан уч минг миль узоқликда Провиденседаги Род-Айленд дизайн мактабининг ўқув устахонасида бошланган.
Икки талаба Брайан Чески ва Жо Геббиа (Геббиа беш йиллик тасвирий ва саноат дизайн курсининг 4 курсида таҳсил олган, Ческининг эса дипломи бор эди) асосан ўз фенлари ва уй учун мўлжалланган товарлари билан машҳур бўлган Conair Corporation компаниясининг ўқув лойиҳасида иштирок этишган.
Саноат дизайни талабаларининг имкониятларидан фойдаланиш мақсадида компаниялар кўпинча мактаб билан ҳамкорликда ишлашган. Бу сафар факультет талабалар гуруҳи олти ҳафта давомида фақатгина Conair компанияси маҳсулотлари дизайни билан шуғулланишлари керак эди. Лойиҳа якунида ўз ғояларини Conair компанияси раҳбариятига тақдим этишлари керак эди.


















