Прага мэри Зденек Гржиб шаҳарда Airbnb орқали хонадонларни тўлиқ ижарага беришни тақиқлаш таклифи билан чиқди.
The Guardian хабарига кўра, бунда кўзда тутилаётган тақиқ ўзи ҳам шу уйда яшаб, унинг бир ёки бир нечта хонасини сайёҳларга бериб турувчиларга тааллуқли эмас. Мэр бу орқали туристларда уй эгаси ҳам яшаётган хонадоннинг фақат битта хонасини ижарага олиш имконини қолдирмоқчи.
Гржибнинг сўзларига кўра, у Чехия пойтахтини «маҳаллий аҳолига қайтариб», туризмнинг шаҳарга салбий таъсирини камайтириш ниятида.
Унинг фикрича, Airbnb’нинг бу даражада оммалашиб кетгани «шаҳарни ичдан еб битиряпти» ва бир вақтлар Рим империясининг пойтахти бўлган Прагани «катта меҳмонхона»га айлантириб қўйган.
Маълумот учун, Airbnb – Американинг шу номдаги компанияси асос солган платформа бўлиб, у орқали сайёҳлар бутун дунё бўйлаб хусусий уй-жойларни қисқа муддатга ижарага олиши, уй эгалари эса бу ҳақда эълон беришлари мумкин.
«Авваллари фақатгина маълум меъёрлар бўйича меҳмонхоналар қурилишига рухсат бериш орқали туристлар сонини чеклашга эришса бўларди. Ҳозир эса сайёҳлар ижарага олиши мумкин бўлган турар-жойлар сонини назорат қилиш имконсиз. Вазият жиддий нуқтага етиб келди», – деган Прага шаҳар мэри.

1,3 миллион аҳолига эга Прагага 2018 йилда деярли 8 миллион турист келган. Шаҳар инфратузилмаси бундай даражадаги сайёҳлар оқимига бардош беролмаяпти.
Airbnb тобора оммалашиб, сайёҳлар оқими йилдан йилга ошиб боряпти. Илгари сокин бўлган туманлар ҳозир гавжум жойларга айланган.
Прага режалаштириш ва ривожлантириш институтининг ҳисоботига кўра, Airbnb’да ижара учун эълон берилган турар-жойлар сони 2016 йил мартида 5537тани ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг май ойида 13 мингдан ортиб кетган.
Маҳаллий аҳоли шовқин ва турар-жойлар нархи ошиб кетаётганидан шикоят қиляпти.
Мэрнинг сўзларига кўра, Прага фуқароси шаҳарда хонадон сотиб олиши учун унга йиллик маошидан 14 баравар кўп маблағ керак бўлади.
«Вазият умумий истеъмол иқтисодиёти ғояси чегарасидан чиқиб кетди. Шаҳар улкан меҳмонхонага айланиб қолди. Уйини ижарага берувчилар шахсий манфаатлари йўлида маҳаллий аҳолининг турмушига путур етказишяпти», – дейди Гржиб.
















