Мамлакатимизда мактаб ўқитувчилари педагогика институтлари ва давлат университетларида тайёрланади. Бу университетларнинг 8таси собиқ иттифоқ вақтида педагогика институти эди ва улар 1992 йилда университетга айлантирилди. Табиийки, уларнинг «ўқув режа»си ва «фан дастурлари» ҳам университетларникига алмашди. Лекин амалда, улар олдин нима иш қилган бўлса, ҳозир ҳам ўша ишни давом эттиришаяпти, яъни мактабларга ўқитувчи тайёрлашаяпти. Масалан, вилоят марказларидаги давлат университетларининг камида 90 фоиз битирувчиси дастлаб мактаб, коллеж ва лицейларга ишга боради.

Агар Давлат тест марказининг танлови оптимал бўлди, деб ҳисобласак, ОЎЮларда тайёрланадиган профессионал муаллимларнинг саводи, асосан, икки нарсага боғлиқ бўлади; бири — ОЎЮларининг муайян йўналишлар (факультетлар, фанлар) бўйича тузилган «ўқув режа» си ва «фан дастури»га ҳамда шу ОЎЮда ишловчи профессор-ўқитувчиларнинг билими ва малакасига. Бу ерда айтилаётган гаплар, биринчи навбатда, асосан, тўртта аниқ фаннинг (математика, физика, кимё ва биология) «ўқув режа»си ва «фан дастурлари» га тегишли.

«Ўқув режа»лар ва «дастур»лар Олий таълим вазирлиги белгилаган (ёки танлаган) ОЎЮнинг проф-ўқитувчилари томонидан тузилади ва вазирлик уларни тасдиқлайди. Ушбу режаларда маълум йўналиш бўйича тайёрланадиган талабага 4 йил давомида қайси фанлар, қандай кетма кетликда ва неча соат ўтиши кераклиги белгиланади. Фан дастурларида эса режага кирган ҳар бир фан бўйича қайси мавзуларни ўтиш кераклиги ва фойдаланиш лозим бўлган адабиётлар кўрсатилади.

Энди табиий савол туғилади, мактабга ўқитувчи тайёрлаш учун Педагогика институтлари учун тузилган режа ва дастур яхшими ёки Давлат университетлари учун тузилганларими? Уларнинг бир-биридан фарқи ва устунлиги нимада? Менимча, бу масала билан ҳеч ким шуғулланмаган. Чунки ўша вақтдаги сиёсат, юқорининг айтганини қуйидагилар муҳокама қилмасдан бажаришига асосланган эди. Давлат университетларида ҳозир амалда бўлган «ўқув режа» ва «фан дастурлар»и билан яхши профессионал муаллим тайёрлаш ҳам, университет талабига жавоб берадиган олий даражадаги мутахассис тайёрлаш ҳам мумкин эмас.

Бизлар, яъни СамДУ табиий фанлар факультетларининг бир гуруҳ ўқитувчилари Жиззах педагогика институтидан 4 та табиий фанга тегишли «ўқув режа»лари ва баъзи фанларнинг «дастур»ларини олиб университетларнинг шу фанлар бўйича «ўқув режа» ва «дастур»лари билан таққосладик. Қуйида такрор бўлмаслиги учун фақат битта фаннинг (йўналишнинг) «ўқув режа»сига тегишли маълумотлар келтирилади ва муҳокама қилинади. Лекин айтилган гаплар қолган уч фанга ҳам тегишли.

Ўрта мактабларда «кимё» фанини ўқитадиган ўқитувчилар Педагогика институтларида кимё-биология факультетларининг «5110300 – Кимё ўқитиш методикаси», Давлат университетларида эса кимё ёки кимё-биология факультетларининг «5140500 – Кимё» бакалавр таълим йўналишларининг «ўқув режа»лари бўйича тайёрланади.