Бу президентнинг «Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Қарорга мувофиқ, Интеграциялашган дастурлар олий мактаби фаолияти Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим муассасалари тажрибаси асосида ташкил этилади.

Шунингдек, Олий мактаб билан техникумлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Интеграциялашган таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган техникум битирувчилари Олий мактабнинг тегишли бакалавриат йўналишларида ўқишни кириш имтиҳонларисиз давом эттириш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари, интеграциялашган дастурлар асосида тўпланган кредитларнинг етакчи хорижий ҳамкор олий таълим муассасалари томонидан тан олиниши таъминланади.

Қарор билан «Эл-юрт умиди» жамғармасига 2027-2028 ўқув йилидан бошлаб танловдан ўтган талабаларнинг QS ёки Times Higher Education рейтингларининг топ-300 талигига кирувчи, шунингдек соҳавий етакчи хорижий олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш билан боғлиқ харажатларини молиялаштиришга рухсат берилди.

Шунингдек, мазкур университетларга шартли қабул қилинган талабгорлар учун Интеграциялашган дастурлар олий мактаби ва бошқа маҳаллий олий таълим муассасаларида ташкил этиладиган 1-курс (foundation) дастурларининг контракт (tuition fee) харажатлари ҳам жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади.