Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.2018 йилдаги 596-сон қарори билан Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларини Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига харид қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
 
Эслатиб ўтамиз, Жамғарма 400 млрд сўмлик бошланғич бадал билан 2017 йил июнда ташкил этилган. У ички бозордаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва таклиф мавсумий ва бошқа сабабларга кўра кескин ўзгаришининг олдини олишга мўлжалланган. Биринчи навбатда – гўшт, ўсимлик ва ҳайвон ёғи, ғалла, ун, картошка, сабзи, бошпиёз, шунингдек бошқа муҳим ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари турларига. 2018 йил 1 апрелгача Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги вақтинчалик низом амал қилган.    
 
Тайёрлов ташкилотлари қандай танлаб олинади
 
Ички бозордаги талаб ва таклифларнинг мавсумий ва бошқа кескин ўзгариб туришига нисбатан тезкор чоралар кўриш учун Жамғарма маблағлари ҳисобига харид қилиш бўйича тайёрлов ташкилотларининг мунтазам янгилаб бориладиган реестри олдиндан шакллантирилади. Уни ҳудудий комиссиялар томонидан тақдим этиладиган материаллар асосида Республика комиссияси (23.06.2017 йилдаги ПҚ–3082-сон қарор билан ташкил этилган) шакллантиради ва юритади. Реестр ҳудудий комиссиялар таклифлари ҳисобга олинган ҳолда ҳар ойнинг 5-санасигача янгиланади.   
 
Реестрга киритиш олдидан танлов ўтказилади. Ҳар йили январда унинг ўтказилиши ҳақида ЯИДХПда ва xarid.uz порталида эълон жойлаштирилади. Реестрга кириш мақсадида танловда иштирок этиш учун ҳудудий комиссияга қуйидагиларни тақдим этиш зарур:

• тасдиқланган шаклдаги ариза;
• ҳисоб-китоб рақами ҳолати тўғрисида маълумотнома;
• улгуржи савдони амалга ошириш ҳуқуқига лицензия мавжудлиги тўғрисида маълумот;
• талабгорда ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли равишда сақлаш ва сотиш учун ўзининг ёки ижарага олинган омборхоналари ҳамда савдо шохобчаларининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;
• шартномани ижро этиш учун зарур техник, молиявий, моддий, кадрлар ресурслари ва бошқа ресурслар мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат.