Ўзбекистон | 14:50 / 06.08.2018
20964
2 дақиқада ўқилади

Янгийўлдаги мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилгани аниқланди

Адлия вазирлиги Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган 13-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари мактаб маъмурияти томонидан мактаб ҳудудида мажбурий меҳнатга жалб этилганига эътибор қаратди.

Мактабдаги мажбурий меҳнат ҳолатига оид фотолавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, вазирликнинг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси томонидан мазкур ҳолатга аниқлик киритиш учун жойига чиқиб ўрганиш ўтказилган, натижада ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилиниш ҳолатлари ўз тасдиғини топган.

Аниқланишича, жорий йилнинг 1 август куни мактаб ҳудудини ободонлаштириш ишларига 15 нафар педагог-ходим жалб этилган.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Kun.uz»га хабар беришича, Янгийўл туман адлия бўлими ходимлари томонидан жорий йилнинг 4 август куни 13-умумий ўрта таълим мактабида йиғилиш ўтказилиб, унда барча педагог-ходимларга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сон «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам бериш ҳамда унинг асослари ҳақида тушунтиришлар бериб ўтилган.

Бундан ташқари, 2018 йил 6 август куни Янгийўл туман Халқ таълими бўлимига мактаб маъмуриятига нисбатан интизомий чоралар кўриш ҳақида тақдимнома киритилган.

Мавзуга оид