Naked Science нашри AFP агентлигига таяниб хабар беришича, Эл-Нино билан боғлиқ жала ёмғирлари одатда қақраб ётадиган кенг ҳудудларнинг қиёфасини ўзгартирган. Чўл оқ ва бинафша гулларга бурканган.

Атакама тупроғида турли ўсимликларнинг уруғлари ва пиёзбошлари узоқ вақт давомида қулай шароитни кутиб ётган. Кучли ёмғирлар туфайли намлик қумли тупроққа одатдагидан чуқурроқ сингиб, уларнинг униб чиқишига шароит яратган.

Гуллаш Чили пойтахти Сантягодан тахминан 800 километр шимолда жойлашган қўриқхона ҳудудида кузатилган. Чўлнинг гулларга бурканиши одамлар эътиборини тортмоқда.

Эл-Нино дунёнинг айрим ҳудудларига ғайриоддий иссиқ ва қурғоқчилик, бошқаларига эса кучли ёғингарчилик олиб келади. Хабарда қайд этилишича, Чилидаги жала ёмғирлари аҳоли учун оғир оқибатларга сабаб бўлган: 13 киши ҳалок бўлган, қарийб тўрт минг уй вайрон бўлган.